АсосийСИËСАТ

Шавкат Мирзиёев Корея Миллий Ассамблеяси Спикери билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикасига давлат ташрифи доирасида 15 сентябрь куни Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Чо Чжон Шик билан учрашди.

'Шавкат Мирзиёев Корея Миллий Ассамблеяси Спикери билан учрашди'ning rasmi

Учрашувда Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришда икки мамлакат парламентларининг муҳим ўрин тутаётгани таъкидланди.

Томонлар парламентлараро ҳамкорлик изчил ривожланаётганини қайд этди. Хусусан, парламентлараро “дўстлик гуруҳлари” фаолият юритмоқда, парламент делегацияларининг мунтазам ташрифлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, қонун чиқарувчи органларнинг тегишли қўмиталари ўртасида тажриба алмашинуви йўлга қўйилган.

Корея Миллий Ассамблеяси ва Корея Халқаро Ҳамкорлик Агентлиги кўмагида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ҳар икки палатасида “Электрон парламент” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Учрашувда олий даражада эришилган келишувларнинг, аввало, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги битимларнинг амалга оширилиши устидан парламент мониторингини таъминлаш бўйича ҳамкорлик механизмини яратиш зарурлиги таъкидланди.

Учрашув якунида 2027 йилда Ўзбекистон ва Корея ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 35 йиллиги муносабати билан “парламент дипломатияси” доирасида қатор тадбирларни ўтказишга келишиб олинди.

    Бошқа янгиликлар

    Шавкат Мирзиёев Корея Миллий Ассамблеяси Спикери билан учрашди - Darakchi.uz