Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикасига ташрифи доирасида “Hyundai Motor Group”, “Kia” ва “Hyundai Rotem” компаниялари раҳбарлари билан учрашди.
Учрашувда компаниялар гуруҳининг Ўзбекистонда автомобиль ва транспорт соҳаларини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси юқори баҳоланди.
Жиззахда ташкил этилган автомобиль кластерида ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш ва автомобиль бутловчи қисмларини маҳаллийлаштириш даражасини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, “Kia” автомобилларини ишлаб чиқаришнинг тўлиқ занжири йўлга қўйилаётгани ва экспорт ҳажми ортиб бораётгани қайд этилди. Янги русумдаги автомобилларни ишлаб чиқаришни бошлаш, пресслаш цехини ишга тушириш, шунингдек, электр ва гибрид автомобиллар йиғишни йўлга қўйиш истиқболлари кўриб чиқилди.
“Hyundai Rotem” томонидан ишлаб чиқарилган юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар Тошкент–Хива йўналишида қатнай бошлагани ва бу йўл вақтини икки баробар қисқартиргани таъкидланди. Учрашувда қўшимча поездларни етказиб бериш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда “Hyundai Rotem” сервис марказини ташкил этиш, бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда электр двигателлари учун магнитлар ишлаб чиқариш имкониятларини ўрганиш муҳимлиги қайд этилди.






