Сирдарё вилояти Гулистон туманида тунги вақтда банкоматни бузиб, ундаги пулларни ўғирлашга уринган ўсмир Қўриқлаш хизмати ходимлари томонидан ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Ҳодиса 12 сентябрь куни соат 03:16 ларда Гулистон туманидаги "Олтин водий" маҳалласи Комилий кўчасида содир бўлган. "Инкассация хизмати" МЧЖга қарашли банкоматдан Сирдарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш хизмати мониторинг марказига ташвиш сигнали келиб тушган.
Қўриқлаш ходимлари воқеа жойига етиб борганида, юзини яширган шахс қўлидаги болта ва бошқа ашёлар ёрдамида банкоматнинг ташқи қисмини бузишга уринаётгани аниқланган.
У ходимларни кўриб, воқеа жойидан қочишга уринган. Бироқ тезкор гуруҳ саъй-ҳаракатлари билан ушланган.
Суриштирув давомида ушланган шахс Гулистон туманида яшовчи, 2008 йилда туғилган Д.С. экани аниқланган. У белгиланган тартибда туман Ички ишлар бўлимига олиб борилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.






