АсосийЖАМИЯТ

Махтумқули кўчасида 11 та светофор "яшил тўлқин" тизимига ўтказилди

Мутахассислар Тошкентнинг бошқа ҳудудларида ҳам транспорт оқимларини таҳлил қилиш ва светофорларни мувофиқлаштириш ишларини давом эттирмоқда.

'Махтумқули кўчасида 11 та светофор "яшил тўлқин" тизимига ўтказилди'ning rasmi

Тошкент шаҳридаги Махтумқули кўчасида 11 та светофор объекти "яшил тўлқин" тамойили асосида мувофиқлаштирилди. Натижада мазкур йўналишнинг ўтказувчанлик қобилияти 12 фоизга ошган, ўртача ҳаракатланиш вақти эса 10 фоизга қисқарган.

Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази мутахассислари кўчадаги транспорт оқими, ҳаракат интенсивлиги, светофор цикллари ҳамда чорраҳалар орасидаги ҳаракатланиш вақтини таҳлил қилган.

Махтумқули кўчасида суткалик ўртача транспорт оқими қарийб 90 мингта автомобилни ташкил этади. "Яшил тўлқин" тизими ҳаракатнинг асосий йўналишига қараб икки хил режимда ишлайди.

00:00 дан 13:00 гача ҳаракат Тошкент шаҳри маркази томон, яъни Махтумқули ва Янги Ўзбекистон кўчалари кесишмасидаги уч даражали йўл ўтказгичдан Амир Темур хиёбони томон йўналтирилади.

13:00 дан 00:00 гача эса асосий йўналиш Тошкент вилояти томон ўзгаради — ҳаракат Амир Темур хиёбонидан уч даражали йўл ўтказгич томон ташкил этилади.

Мувофиқлаштирилган йўналишда ҳисобланган ҳаракат тезлиги 55 км/соатни ташкил этади. Шу тезликда ҳаракатланган автомобиль кейинги чорраҳаларда яшил чироқ ёниши учун ҳисобланган вақт оралиғига кетма-кет тушиши мумкин.

Мутахассислар "яшил тўлқин" светофорлар бутун йўналиш бўйлаб узлуксиз яшил чироқ ёниб туришини англатмаслигини таъкидлаган. Тизим светофор циклларини математик ҳисоб-китоблар асосида ўзаро мувофиқлаштиришга асосланган.

Бунда транспорт оқимининг зичлиги, ҳайдовчиларнинг белгиланган тезликка риоя қилиши, қатор алмаштириш, жамоат транспорти ҳаракати, пиёдалар учун ажратилган фазалар ҳамда йўлдаги вақтинчалик ўзгаришлар ҳаракатланиш вақтига таъсир қилиши мумкин.

Марказ маълумотларига кўра, тизимнинг асосий мақсади автомобилларнинг ҳар бир тўхташини тўлиқ бартараф этиш эмас, балки тўхташлар сонини камайтириш, чорраҳаларда кутиш вақтини қисқартириш ва транспорт оқимининг бир маромда ҳаракатланишини таъминлашдан иборат.

Мутахассислар Тошкентнинг бошқа ҳудудларида ҳам транспорт оқимларини таҳлил қилиш ва светофорларни мувофиқлаштириш ишларини давом эттирмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Махтумқули кўчасида 11 та светофор "яшил тўлқин" тизимига ўтказилди - Darakchi.uz