АсосийЖАМИЯТ

“Президент бўлиб мени нима қийнайди? Менга вақт етмайди” — Шавкат Мирзиёев

Шу тариқа Сеулдаги ватандошлар билан мулоқот ҳам Президентнинг бир кунлик сермазмун иш дастурининг муҳим қисмларидан бири бўлди.

'“Президент бўлиб мени нима қийнайди? Менга вақт етмайди” — Шавкат Мирзиёев'ning rasmi

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жанубий Кореяга давлат ташрифи доирасида Сеул шаҳрида яшаётган ва таҳсил олаётган ватандошлар билан учрашди. Мулоқот давомида давлат раҳбари вақт етишмаётганини айтди.

“Мен машинада кўп юраман, кўчада бир-бири билан мулоқот қилиб кетаётган ёшларни кўриб ўйлайман: қани энди улар энг бахтли кунлари шу эканини билсалар...

Биласизларми, Президент бўлиб мени нима қийнайди? Менга вақт етмайди!”

Давлат раҳбарининг ушбу гаплари унинг Кореядаги ташрифи доирасидаги сермазмун дастур фонида айтилди.

15 сентябрь куни Президентнинг Корея Миллий ассамблеясидаги учрашуви, Кореянинг йирик компаниялари ва ишбилармон доиралари вакиллари билан музокаралари, бизнес форумидаги иштироки ҳамда қатор бошқа тадбирлар ўтказилди.

Шу куни ватандошлар билан мулоқот ҳам режадан ўрин олди. Учрашувда Кореяда таҳсил олаётган ёшлар, тадбиркорлар, олимлар ва турли соҳаларда фаолият юритаётган ўзбекистонликлар иштирок этди.

Президент уларнинг таклифларини тинглаб, Кореядаги ўзбекистонликларни қўллаб-қувватлаш, икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва ёшларнинг билим олиши учун яратилаётган имкониятлар ҳақида гапирди.

Учрашувда давлат раҳбари ўзбек ёшларига мурожаат қилиб, вақтни қадрлаш ва олинган билимларни Ватан тараққиётига йўналтириш муҳимлигини таъкидлади.

“Бир дақиқа ҳам вақтларингизни бекорга ўтказманглар. 5 йил ўтади, 10–15 йил ўтади. Ким бошқаради Ўзбекистонни? Сизлар. Тўғри, соғинч қийнайди. Ватан соғинчи аламида кўпроқ илм олинглар, Ватанга садоқат билан хизмат қилинглар”, деди Шавкат Мирзиёев.

Учрашув давомида Президентнинг иш жадвали ҳам тилга олинди. Унинг айтишича, кун тартибидаги тадбирлар кўплиги сабабли эрталаб соат 4 да уйғонишга тўғри келмоқда.

“Ишларимиз жуда кўп, соат 4 да уйғонишга тўғри келяпти”, деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, мамлакатни бошқаришда вақтни самарали сарфлаш ва ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланиш муҳим.

“Ўзимниям қийнайман, сизларниям, ишламагунингизча қўймайман. Бизга 40 миллион халқ қараб турибди. Уларни рози қилишимиз керак”, деди Президент.

    Бошқа янгиликлар

    “Президент бўлиб мени нима қийнайди? Менга вақт етмайди” — Шавкат Мирзиёев - Darakchi.uz