АсосийЖАМИЯТ

“Умра” зиёратига юборишни ваъда қилиб, фуқаролардан минглаб доллар олганлар ушланди

Тошкент ва Фарғона вилоятларида фуқароларни “Умра” зиёратига юборишни ваъда қилиб, пул олган шахсларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.

'“Умра” зиёратига юборишни ваъда қилиб, фуқаролардан минглаб доллар олганлар ушланди'ning rasmi

Тошкент вилоятининг Тошкент туманида яшовчи, 1984 йилда туғилган шахс тегишли лицензияга эга бўлмаган ҳолда пойтахтлик фуқаронинг ишончига кирган. У танишлари орқали фуқарони Саудия Арабистонига “Умра” зиёратига юборишни ваъда қилиб, бунинг эвазига 1100 АҚШ доллари талаб қилган.

Мазкур шахс 1000 АҚШ доллари ва 1,2 миллион сўмни олаётган вақтда Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби ҳолат Фарғона вилоятининг Данғара туманида ҳам аниқланган. Бу ерда фаолият юритувчи туризм компанияси менежери икки нафар Учкўприк тумани фуқаросини “Умра” сафарига юборишни ваъда қилган.

У бунинг эвазига 2200 АҚШ доллари олган вақтда ДХХ ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан ушланган.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар