Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикасига ташрифининг ишбилармонлик дастури доирасида “Lotte Group” раиси Шин Дон Бин билан учрашди.
Учрашувда компания Ўзбекистондаги энг йирик корейс инвесторларидан бири экани ва у билан кўп йиллардан буён самарали ҳамкорлик қилиб келинаётгани таъкидланди. Хусусан, Устюрт газ-кимё мажмуасининг муваффақиятли фаолият юритаётгани қайд этилди.
Томонлар Ўзбекистонда Кореянинг илғор технологиялари асосида девелоперлик лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, мис фольгаси ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.
Шавкат Мирзиёев “Lotte Group”нинг Ўзбекистондаги туризм марказларини бошқариш ва меҳмонхона бизнесида хизматлар сифатини ошириш бўйича режаларини қўллаб-қувватлади.
Учрашув якунида икки томонлама лойиҳаларни амалга ошириш жараёнини мониторинг қилиб бориш мақсадида ишчи гуруҳ тузишга келишиб олинди.






