АсосийСИËСАТ

Ўзбекистон Президентининг Корея Республикасига давлат ташрифи якунланди

Ўзбекистон Президенти Тошкентга жўнаб кетди.

'Ўзбекистон Президентининг Корея Республикасига давлат ташрифи якунланди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи якунига етди. Ташриф давомида сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор учрашув ва тадбирлар ўтказилди.

Давлат ташрифи доирасида Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Ли Чжэ Мён билан Сеул шаҳрида тор ва кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказди. Унда икки мамлакат ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Миллий Ассамблея Спикери Чо Чжон Шик ва Бош вазир Хан Сон Сук билан учрашди. Кореянинг йирик компаниялари ҳамда молиявий институтлари раҳбарлари билан ҳам мулоқотлар ўтказилди.

Ташриф доирасида ўтказилган Ўзбекистон – Корея бизнес-форумида қўшма лойиҳалар ишга туширилиб, айримларининг қурилиши бошланди. Шунингдек, қатор муҳим келишувлар имзоланди.

Шавкат Мирзиёев биринчи “Марказий Осиё – Корея Республикаси” саммитида иштирок этиб, ҳамкорликнинг бешта стратегик йўналиши бўйича ташаббусларни илгари сурди. Президент шунингдек, мазкур форматда илк бор ўтказилган бизнес саммитида нутқ сўзлади.

Ташриф давомида Кореяда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик ватандошлар билан ҳам учрашув ўтказилди.

Тадбирлар якунланганидан сўнг Сеул аэропортида Шавкат Мирзиёев ва рафиқасини Корея Республикаси Ички ишлар ва хавфсизлик вазири Юн Хо Чжун ҳамда бошқа расмийлар кузатиб қўйди.

Ўзбекистон Президенти Тошкентга жўнаб кетди.

    Бошқа янгиликлар