АсосийЖАМИЯТ

Миллий кутубхона ортидаги 1,3 гектар ҳудудда автотураргоҳ ташкил этилади

Автотураргоҳ хизматидан тушадиган маблағларнинг 20 фоизи шаҳар бюджетига йўналтирилади. Махсус ва тезкор хизмат транспорт воситаларининг ҳудудга кириши эса бепул бўлади.

'Миллий кутубхона ортидаги 1,3 гектар ҳудудда автотураргоҳ ташкил этилади'ning rasmi

Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ортида жойлашган 1,3 гектар ҳудудда тартибли автотураргоҳ ташкил этиш режалаштирилмоқда. Лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилади.

Автотураргоҳ мавжуд ландшафтга уйғун тарзда жойлаштирилиши, ҳудуддаги дарахтлар ва пиёдалар учун ажратилган майдонлар сақлаб қолиниши белгиланган. Автотураргоҳ ташкил этиш учун дарахтларни кесиш режалаштирилмаган. Аксинча, ҳудудга 1 минг тупдан ортиқ дарахт ва буталар экилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, ҳудудда капитал қурилиш ишлари олиб борилмайди. Лойиҳа доирасида пиёдалар ва велосипед йўлаклари, дам олиш ҳудудлари, болалар ҳамда воркаут майдончалари, енгил конструкцияли спорт объектлари, санитария хоналари ва видеокузатув тизими ташкил этилади.

Бундан ташқари, бўш автотураргоҳ жойлари ҳақида маълумот берувчи электрон таблолар ва замонавий тўлов тизими жорий этилади. Ҳудудда 720 метр узунликдаги янги пиёдалар йўлаги ҳам барпо этилади.

Ер участкасини электрон аукционга чиқариш режалаштирилган. Автотураргоҳдан 10 йил муддатга фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритадиган хусусий шерик белгиланган инвестиция мажбуриятларини бажариши, ҳудудни сақлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришни таъминлаши керак.

Автотураргоҳ хизматидан тушадиган маблағларнинг 20 фоизи шаҳар бюджетига йўналтирилади. Махсус ва тезкор хизмат транспорт воситаларининг ҳудудга кириши эса бепул бўлади.

Шартнома шартларига кўра, шаҳар ҳокимияти талаби билан автотураргоҳ ҳудуди байрамлар, фестиваллар ва бошқа оммавий тадбирлар учун ҳам тақдим этилади. Бу мақсадда ҳудуддан йилига 60 кунгача фойдаланиш мумкин.

Лойиҳанинг мақсади мазкур ҳудуддаги автомобиллар ҳаракатини тартибга солиш ҳамда жамоат ва пиёдалар учун мўлжалланган маконни сақлаб қолишдан иборат.

    Бошқа янгиликлар

    Миллий кутубхона ортидаги 1,3 гектар ҳудудда автотураргоҳ ташкил этилади - Darakchi.uz