Президент Шавкат Мирзиёев электр энергетикасини ривожлантириш истиқболлари ҳамда ёқилғи-энергетика соҳасидаги лойиҳаларни бошқариш тизимини такомиллаштиришга оид тақдимот билан танишди.
Тақдимотда 2030 йилгача мамлакатда электр энергиясига бўлган талаб сезиларли даражада ошиши қайд этилди. Шу боис генерация қувватларини талабдан олдин ривожлантириш, электр тармоқларининг ўтказувчанлигини ошириш ва етарли захира қувватларини яратиш зарурлиги таъкидланди.
Режага кўра, 2030 йилга бориб мамлакатдаги генерация қувватлари 46,1 ГВтга етказилиб, йилига қарийб 129 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилади. 2035 йилда эса ушбу кўрсаткичларни 57,2 ГВт ва 154,7 миллиард киловатт-соатга етказиш кўзда тутилган.
Ҳисоб-китобларга кўра, электр энергияси истеъмолига саноат билан бирга электромобиллар ва дата-марказлар ривожланиши ҳам таъсир қилади. Иқтисодиёт ва саноат юқори суръатларда ўсган тақдирда эса қўшимча генерация қувватларига эҳтиёж пайдо бўлади.
Шу муносабат билан қўшимча шамол электр станциялари ва энергия сақлаш тизимларини барпо этиш, қуёш ва шамол энергетикаси лойиҳаларини жадаллаштириш таклиф этилди.
Ҳозир энергия сақлаш тизимлари бўйича умумий қуввати 4,2 ГВт бўлган 26 та лойиҳа шакллантирилган. Уларнинг 17 таси амалга ошириш босқичида. 2030 йилгача бу йўналишда янги лойиҳаларни шакллантириш таклиф қилинди.
Шунингдек, 2030 йилга қадар 9 та 220 киловольтли ва 7 та 500 киловольтли янги подстанция қуриш ҳамда қарийб 5 минг километр янги электр узатиш тармоқларини барпо этиш режалаштирилган.
Тақдимотда энергетика соҳасидаги инвестиция лойиҳаларини танлаш ва амалга ошириш тизимини ўзгартириш таклифи ҳам кўриб чиқилди.
Янги ёндашувга кўра, аввало иқтисодиёт, аҳоли ва ҳудудларнинг келгусидаги эҳтиёжи аниқланади. Шундан сўнг зарур генерация ва инфратузилма қувватлари режалаштирилиб, ер майдони, тармоққа уланиш нуқтаси ва техник ечимлари тайёрланган лойиҳалар бўйича инвестор очиқ ва рақобатли танлов асосида танланади.
Шунингдек, ҳудудлар ва тармоқлар кесимида энергияга бўлган талабни прогноз қилиш ҳамда шу асосда ҳар йили янгиланадиган уч йиллик инвестиция режаларини қабул қилиш таклиф этилди.
Узоқ муддатли истиқболда эса 2050 йилгача ёқилғи-энергетика ресурслари билан таъминлаш концепциясини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. Унда демографик ва иқтисодий ўсиш, энергия самарадорлиги, қайта тикланувчи ва атом энергетикасини ривожлантириш ҳамда энергетика хавфсизлиги масалалари ҳисобга олинади.






