Подполковник Илҳом Идиров Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. Бу ҳақда пойтахт халқ депутатлари кенгаши қарорида маълум қилинди.
Идиров ушбу лавозимда Муҳаммад Адиловнинг ўрнини эгаллади. Адилов ИИВ Академияси магистратурасида ўқишни бошлаган.
Илҳом Идиров бунга қадар ИИВ ЙҲХХ Маъмурий амалиёт бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган. Шунингдек, у Қашқадарё ва Сирдарё вилоятлари ЙҲХБга раҳбарлик қилган.
Шу ҳафта Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашида ЙҲХБнинг ҳисоботи ҳам эшитилди. Йиғилишда пойтахтда йўл-транспорт ҳодисалари сони камайгани қайд этилди.
Хусусан, ярим йилда қайд этилган ЙТҲлар 9,5 фоизга — 464 тадан 420 тага камайган. Жароҳатланиш ҳолатлари ҳам 10 фоизга тушган. Бироқ ЙТҲ оқибатидаги ўлим ҳолатлари 26 та бўлиб, ўзгаришсиз қолган.
Депутатлар ЙҲХБга ўлим билан боғлиқ ЙТҲларнинг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишни топширди.






