АсосийЖАМИЯТ

ИШИДга пул тўплаганликда айбланган ўзбекистонлик АҚШга экстрадиция қилинди

Тбилисида ҳибсга олинган Ўзбекистонда туғилган АҚШ фуқароси Довуд Ансорий ИШИД ва "Ан-Нусра фронти"га моддий ёрдам кўрсатишга уринишда айбланиб, АҚШга экстрадиция қилинди.

'ИШИДга пул тўплаганликда айбланган ўзбекистонлик АҚШга экстрадиция қилинди'ning rasmi

Ўзбекистонда туғилган ва кейинчалик АҚШ фуқаролигини олган Довуд Ансорий, шунингдек, Козимжон Ғофуров номи билан танилган шахс ИШИД ва "Ан-Нусра фронти"га моддий ёрдам кўрсатишга уриниш ҳамда бу борада тил бириктиришда айбланмоқда. Унинг иши Нью-Йорк Шарқий округи федерал судида кўрилмоқда. Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлиги маълум қилди.

АҚШ Адлия вазирлиги маълум қилишича, Ансорий 23 сентябрь куни Грузиядан АҚШга экстрадиция қилинган. У август ойида Тбилисида қўлга олинган.

Прокуратура маълумотларига кўра, Ансорий Бруклинда радикаллашган шахслар тармоғига раҳбарлик қилган. Терговчиларнинг таъкидлашича, гуруҳ Сурияга бориб, ИШИД ёки "Ан-Нусра фронти" сафида жанг қилишни режалаштирган шахсларнинг сафарини молиялаштириш учун маблағ тўплаган.

Тергов маълумотларига кўра, 2013 йилда Ансорий ва унинг шериклари камида уч кишининг Сурияга боришини молиялаштирган. АҚШ расмийлари улар кейинчалик Сурияда ҳалок бўлганини билдирган.

Ансорий 2016 йил май ойида АҚШни тарк этган ва шундан сўнг мамлакатга қайтмаган. У қарийб 10 йил давомида қидирувда бўлган.

Унга нисбатан айблов хулосаси федерал катта ҳакамлар ҳайъати томонидан 2021 йил ноябрь ойида чиқарилган.

Агар айбловлар судда исботланса, Ансорий 35 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Айни пайтда унга қўйилган айбловлар суд томонидан тасдиқланмаган ва у қонунга кўра айби исботланмагунча айбсиз ҳисобланади.

    Бошқа янгиликлар

    ИШИДга пул тўплаганликда айбланган ўзбекистонлик АҚШга экстрадиция қилинди - Darakchi.uz