Япония Иммиграция хизматлари агентлиги мамлакатда ноқонуний бўлиб турган Ўзбекистон фуқаросини депортация қилди. Бу ҳақда Ўзбекистондаги Япония элчихонаси хабар берди.
Маълум қилинишича, фуқаро Японияга қисқа муддатли виза билан кирган, бироқ визанинг амал қилиш муддати тугаганидан кейин мамлакатда қонуний асоссиз қолган. Кейинчалик у маҳаллий ҳокимият органлари томонидан қўлга олинган.
Элчихона ноқонуний яшаш ёки ишлаш ҳолатлари аниқланса, қоидабузарларга нисбатан ҳибсга олиш, иммиграция марказига жойлаштириш ва депортация қилиш каби чоралар қўлланилишини эслатди.
Шунингдек, Япония ҳукумати қоидабузарлар ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон томонига тақдим этиши ва фуқаро қайтганидан кейин тегишли чоралар кўрилиши мумкинлиги билдирилди.






