АсосийЖАМИЯТ

Намангандаги боғчадаги ҳолат: Болалар омбудсмани вазирликка тақдимнома киритди

Унда масъулларга нисбатан чора кўриш ва барча мактабгача таълим ташкилотларида болалар хавфсизлигини кучайтириш талаб қилинган.

'Намангандаги боғчадаги ҳолат: Болалар омбудсмани вазирликка тақдимнома киритди'ning rasmi

Болалар омбудсмани Намангандаги мактабгача таълим ташкилотида 5 ёшли тарбияланувчи қизга нисбатан жинсий зўравонлик содир этилгани юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдимнома киритди.

Тақдимнома 22 сентябрь куни киритилган. Унда хизмат текшируви натижаларини танқидий кўриб чиқиш, аниқланган камчиликлар бўйича чоралар кўриш ҳамда масъул ходимларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш сўралган.

Шунингдек, ҳодисага сабаб бўлган шарт-шароитларни бартараф этиш, барча мактабгача таълим ташкилотларида болалар хавфсизлигини кучайтириш ва бундай ҳолатларнинг такрорланишига йўл қўймаслик бўйича чоралар кўриш талаб этилган.

Болалар омбудсмани ходимларнинг хизмат вазифаларини бажариши устидан манзилли текширувлар ўтказиш ҳамда болалар хавфсизлигига қаратилган ички назорат механизмларини қайта кўриб чиқишни ҳам сўраган.

Қонунчиликка кўра, вазирлик тақдимнома ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида 15 кун ичида Болалар омбудсманига тегишли ҳужжатлар нусхалари билан бирга маълумот бериши керак.

Маълум қилинишича, гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми ва 112-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 26 сентябрь куни ҳолат юзасидан ишчи гуруҳ тузилганини маълум қилган. Вазирликка кўра, воқеага дахлдор деб гумон қилинган боғча ходимлари билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинган.

Шунингдек, воқеага алоқадор ҳамда ўз хизмат вазифаларига масъулиятсизлик билан ёндашган ходим ва мансабдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиши билдирилган.

Айни пайтда махсус ишчи гуруҳ томонидан шунга ўхшаш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида барча давлат мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари текширилмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Намангандаги боғчадаги ҳолат: Болалар омбудсмани вазирликка тақдимнома киритди - Darakchi.uz