АсосийДУНË

Эронда хонанда Парасту Аҳмадининг 74 дарра жазоси ўзгаришсиз қолдирилди

Суд бу жазони Аҳмади 2024 йил декабрь ойида ҳижобсиз ҳолда ижро этган ва интернет орқали намойиш қилинган концерти билан боғлаган.

'Эронда хонанда Парасту Аҳмадининг 74 дарра жазоси ўзгаришсиз қолдирилди'ning rasmi

Эрон апелляция суди хонанда Парасту Аҳмади ва унинг жамоаси аъзоларига нисбатан чиқарилган 74 дарра уриш ҳақидаги ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди. Шу тариқа, хонанда ва унинг жамоасидаги яна саккиз нафар шахсга нисбатан чиқарилган ҳукм якуний кучга кирди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди. 

Қайд этилишича, Қум шаҳридаги апелляция суди Аҳмади ва унинг жамоаси адвокатларининг шикоятини рад этган. Жорий йил июнь ойида чиқарилган дастлабки ҳукмга кўра, хонанда ва жамоасининг саккиз нафар аъзоси 74 дарра уриш, икки йил муддатга мамлакатдан чиқиш ҳамда икки йил давомида бадиий фаолият билан шуғулланишни тақиқлаш жазосига ҳукм қилинган. 

Суд бу жазони Аҳмади 2024 йил декабрь ойида ҳижобсиз ҳолда ижро этган ва интернет орқали намойиш қилинган концерти билан боғлаган. 29 ёшли хонанда мазкур чиқишда ёлғиз қўшиқ куйлаган. YouTube орқали тарқатилган видео миллионлаб марта томоша қилинган. 

Гап 2024 йил 11 декабрь куни интернетда эълон қилинган “Карвонсарой концерти” ҳақида бормоқда. Парасту Аҳмади Дейр-Гачин карвонсаройида ёзиб олинган видеода бошига ҳижоб ўрамаган ҳолда бир нечта қўшиқни ижро этган. Унинг чиқишида бир неча нафар эркак мусиқачи ҳам иштирок этган. 

Эрон суди хонанда ва унинг жамоаси аъзоларини жамоат одоб-ахлоқига зарар етказувчи “ахлоқсиз ва номақбул контент”ни интернетда тарқатишда айблаган. Аҳмадига қўшимча равишда икки йил давомида мамлакатдан чиқиш ва бадиий фаолият билан шуғулланиш тақиқланган. 

Хонанда ва унинг жамоаси адвокатлари апелляция судидан ҳукмни қайта кўриб чиқишни сўраган. Бироқ суд адвокатлар келтирган далил ва важларни етарли эмас деб топиб, ҳукмни ўз кучида қолдирган. 

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари эса 74 дарра жазосини танқид қилган. Ҳуқуқ фаоллари ва айрим адвокатлар бундай жазони инсон қадр-қимматини камситувчи ҳамда шафқатсиз жазо сифатида баҳолаган. 

Аҳмади ва унинг жамоасига тайинланган дарра жазоси қачон ижро этилиши ҳозирча маълум эмас. 

    Бошқа янгиликлар

    Эронда хонанда Парасту Аҳмадининг 74 дарра жазоси ўзгаришсиз қолдирилди - Darakchi.uz