25 октябрга ўтар кечаси Европа Иттифоқи давлатлари қишки вақтга ўтди. Мамлакатларда соат миллари бир соат орқага сурилди. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.
Хусусан, Брюсселда соат 03:00 дан 02:00 га ўзгартирилди.
Европа Иттифоқида ёзги ва қишки вақтга ўтишнинг ягона қоидаси 1996 йилдан буён амал қилиб келади. Унга кўра, март ойининг охирги якшанбасида соат миллари бир соат олдинга, октябрь ойининг охирги якшанбасида эса бир соат орқага сурилади.
2019 йилда Европа парламенти соат милларини мавсумий ўзгартиришдан воз кечишни қўллаб-қувватлаган. Бироқ Европа Иттифоқига аъзо давлатлар бу масалада ҳануз ягона қарорга келмаган.
Европа Иттифоқи ҳудудида учта вақт минтақаси мавжуд. Ирландия ва Португалияда Гринвич вақти амал қилади. Финляндия ва Болтиқбўйи мамлакатларини ҳам ўз ичига олган саккизта давлатда Гринвич вақтидан икки соат олдинги Шарқий Европа вақти қўлланилади. Германияни ҳам ўз ичига олган қолган давлатларда эса Гринвич вақтидан бир соат олдинги Марказий Европа вақти амал қилади.






