Францияда инсон ва сунъий интеллект ҳамкорлигида яратилган адабий асарлар учун Prix Pascal мукофоти жорий этилди. Танловда дунёнинг исталган мамлакатидан муаллифлар иштирок этиши мумкин. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.
Блез Паскал шарафига номланган мукофот учун тақдим этиладиган асарлар француз тилида ёзилган ва аввал ҳеч қаерда чоп этилмаган бўлиши керак. Шунингдек, қўлёзмалар ижтимоий, ахлоқий ёки экологик муаммоларни ҳал этишга қаратилган ўзига хос ёндашувни таклиф қилиши лозим.
Ташкилотчилар муаллифларни ижодий тажрибалар ўтказишга, китобнинг анъанавий тузилишидан воз кечишга ва ёзувчи билан ўқувчи ўртасидаги чегараларни қайта кўриб чиқишга чақирмоқда.
Иштирокчилар асарни яратиш жараёнини техник ҳисоботда батафсил баён этиши керак. Бу бошқа муаллифларга ҳам ушбу усулни такрорлаш ва ривожлантириш имконини беради. Ҳакамлар ҳайъати инсоннинг ижодий жараёндаги асосий ролини, танланган шаклни ва материалнинг қандай ташкил этилганини баҳолайди.
Аризалар 30 ноябрга қадар қабул қилинади. Улар орасидан 10 нафар финалчи сараланади, ғолиб эса декабрь ойи бошида эълон қилинади.
Янги мукофот сунъий интеллектнинг адабиётда қўлланилиши атрофидаги баҳслар кучайган бир пайтда таъсис этилди. Келиб чиқиши гаитилик бўлган канадалик ёзувчи Телисон Орелиеннинг романи Гонкур мукофотига номзодлар қаторига киритилган, бироқ кейинчалик унинг асарни ёзишда сунъий интеллектдан фойдалангани гумон қилинган.
Натижада роман мукофотга даъвогарлар рўйхатидан чиқарилган. Канаданинг "Les Éditions du Boréal" нашриёти ҳам ёзувчи билан ҳамкорликни тўхтатганини маълум қилган.






