Исроилнинг Тель-Авив шаҳрида 24 октябрь куни бош вазир Бинямин Нетаньяху ҳукуматига қарши оммавий норозилик намойиши бўлиб ўтди. Намойишчилар 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС ҳужумининг олдини олишдаги хавфсизлик тизими камчиликларини мустақил текшириш ва масъулларни жавобгарликка тортишни талаб қилди. Бу ҳақда хорижий манбаларга таяниб Zamon.uz хабар берди.
Намойиш парламент сайловига уч кун қолганида, 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган овоз бериш арафасида ташкил этилди. Акция ташаббускори 2023 йилги ҳужумда яқинларини йўқотганлар ва гаровга олинганлар оилалари вакиллари тузган Октябрь кенгаши бўлди.
Иштирокчилар Тель-Авивдаги Рабин майдонидан Гаровдагилар майдонигача юриш қилди. Улар 7 октябрь ҳужумига олиб келган хавфсизлик тизимидаги камчиликларни ўрганиш учун мустақил давлат тергов комиссиясини тузишни сўради.
Октябрь кенгаши намойиш олдидан Х ижтимоий тармоғида эълон қилган баёнотида акцияни ҳақиқатни аниқлаш ва масъулларни жавобгарликка тортиш учун олиб борилаётган уч йиллик курашнинг муҳим босқичи сифатида баҳолади.
Нашр маълумотларига кўра, Нетаньяху ҳукумати мустақил давлат тергов комиссиясини тузишга рози бўлмаяпти. Ҳукумат муқобил вариант сифатида парламентдаги ҳукмрон коалиция ва мухолифат вакилларидан иборат комиссия ташкил этишни таклиф қилган. Бироқ мухолифат етакчилари сиёсатчилар шакллантирадиган комиссия фаолиятида иштирок этмасликларини билдирган.
Намойишда мухолифатнинг бир қатор етакчилари, жумладан, Яир Голан, Авигдор Либерман, Нафтали Беннетт ва Яир Лапид ҳам қатнашди.






