Хитойнинг Тибет ҳудудида содир бўлган кучли зилзила оқибатида камида 16 киши ҳалок бўлди, 54 киши жароҳатланди. Юзлаб уйлар вайрон бўлган. Ҳудудда қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.
22 октябрь куни кечқурун Хитойнинг Тибет ҳудудида 7 магнитудали зилзила содир бўлди. Бу ҳақда "Associated Press" агентлиги хабар берди.
Маълумотларга кўра, зилзила оқибатида камида 339 та уй ва 20 та молхона вайрон бўлган. Вайронгарчиликлар асосан Нагчу шаҳрида кузатилган. Қидирув-қутқарув ишларига маҳаллий округдан 1600 нафардан ортиқ киши жалб этилган.
Зилзиладан жабрланган аҳолига ёрдам бериш мақсадида ҳудудга 1000 та йиғма уй, қарийб 3000 та чодир, йиғма каравотлар, фонарлар ва иссиқ кийим-кечаклар етказиб берилган.
АҚШ Геология хизмати маълумотларига кўра, зилзила маҳаллий вақт билан соат 22:33 да содир бўлган. Унинг эпицентри Тибетнинг шимолидаги аҳоли сийрак жойлашган баланд тоғли ҳудудда, Нагчу шаҳридан 191 километр шимоли-шарқда қайд этилган. Зилзила ўчоғи 18 километр чуқурликда жойлашган.
Асосий силкинишдан кейин магнитудаси 4,3 дан 5,2 гача бўлган камида еттита афтершок ҳам кузатилган. Уларнинг барчаси 10 километр чуқурликда содир бўлган.
23 октябрь куни зилзиладан зарар кўрган айрим ҳудудларда алоқа узилган. Маҳаллий темирйўл маъмурияти хавфсизлик чоралари доирасида зилзила ҳудудидан ўтувчи поездлар ҳаракатини тўхтатиш учун шошилинч чоралар кўрган.
Ҳудуддаги вазиятни янада мураккаблаштириши мумкин бўлган омиллардан бири — об-ҳаво. Маълумотларга кўра, зилзиладан зарар кўрган айрим ҳудудларда келгуси уч кун давомида вақти-вақти билан қор ёғиши кутилмоқда.
Хитойнинг "CCTV" давлат телеканали хабар беришича, ушбу зилзила сўнгги беш йил ичида мазкур ҳудудда қайд этилган энг кучли силкиниш ҳисобланади.






