Франция Президенти Эммануэль Макрон мамлакатдаги тартибсизликлардан айрим хорижий етакчилар сиёсий мақсадларда фойдаланаётганини билдирди. Унинг таъкидлашича, воқеалар пайтида ташқи аралашувнинг аниқ белгилари кузатилмаган, бироқ кейинчалик Франциядаги вазият ҳақида хориждан туриб нотўғри маълумотлар тарқатилган. Бу ҳақда у 21 октябрь куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида журналистлар билан суҳбатда маълум қилди.
Макрон аниқ номларни тилга олмаган бўлса-да, унинг баёнотлари Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Франциядаги воқеалар ҳақидаги фикрларига ишора қилаётгани тахмин қилинмоқда.
“Содир бўлган воқеаларда ҳеч қандай очиқ ташқи аралашувни кўрмаяпмиз. Бироқ воқеалардан кейин ахборотни хориждан туриб манипуляция қилиш ҳолатлари кузатилди”, деди Франция раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, айрим хорижий сиёсатчилар Франциядаги вазият ҳақида нотўғри тасаввур уйғотувчи маълумотларни тарқатган. Макрон бундай баёнотлар сунъий интеллект ёрдамида яратилган сохта видеолар таъсирида берилган бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
Аввалроқ Биньямин Нетаньяху Францияда “экстремистик ислом босқини” юз бераётганини айтган эди. Дональд Трамп эса мамлакатдаги зўравонликларни оммавий миграция билан боғлаб, Франция чегараларини ёпиш ва вазиятни назоратга олишга чақирган.
“Ҳозирда мамлакатимиз ҳақида ёмон гапираётганларнинг бари юртимизни севмайдиган одамлардир. Бундай одамлар ғашимни келтиради”, деди Макрон. У айрим хорижий етакчиларнинг Франциядаги воқеаларга доир изоҳларини қабул қилиб бўлмайдиган ва аҳмоқона деб атади.
Сохта видеолар ва ахборот манипуляцияси
Франциядаги тартибсизликлар ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган айрим видеоларнинг сохталиги ҳам муҳокамаларга сабаб бўлди. Текширув давомида 15 дан ортиқ видео ўрганилган ва уларнинг айримлари Россия билан боғлиқ “Матрешка” номли дезинформация амалиётига алоқадор бўлиши мумкинлиги аниқланган.
Видеоларда Франциянинг “Le Monde”, “Euronews” ва “France 24” каби оммавий ахборот воситалари дизайнига ўхшаш белгилардан фойдаланилган. Мутахассислар бундай материаллар воқеалар кўламини сунъий равишда катталаштириш ва жамоатчиликни чалғитишга хизмат қилиши мумкинлигини билдирган.
Шунингдек, Парижда кекса жуфтлик талон-торож қилингани ва кийимсиз қолдирилганини акс эттирувчи сунъий интеллект ёрдамида яратилган тасвир ҳам ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган.
BBC маълумотига кўра, ушбу тасвирни Исроилга оид янгиликларни эълон қилувчи кичик сайт раҳбари Сабрина Ҳания яратган. У тасвир ChatGPT ёрдамида, асл суратдан фойдаланмасдан тайёрланганини айтган.
Кейинчалик тасвир сунъий интеллект ёрдамида яратилгани ҳақидаги изоҳларсиз тарқатилган ва олти миллиондан ортиқ кўриш тўплаган. Ҳания тасвирнинг асл контекстидан узиб тарқатилгани ва кўплаб одамларни чалғитганидан афсус билдирган.
Франциядаги тартибсизликлар Париж, Лион, Марсель ва Ницца каби шаҳарларда кузатилган. Намойишлар давомида полиция билан тўқнашувлар, биноларга зарар етказиш ва дўконларни талаш ҳолатлари қайд этилган.
Франция ҳукумати маълумотларига кўра, тартибсизликлардан кейин қарийб 150 киши қамоққа олинган, 800 нафардан ортиқ шахс судга тортилган. Аввалроқ Макрон зўравонликларда ўта сўл гуруҳларни айблаб, жамоат тартибини бузганларга нисбатан қатъий чоралар кўрилишини билдирган эди.






