Қирғизистон Президенти Садир Жапаров кунига атиги 4 соат ухлаши, қолган 20 соатини эса иш билан ўтказишини айтди. У бу ҳақда Жалолобод вилояти аҳолиси билан учрашувда маълум қилди. Бу ҳақда “24.kg” нашри хабар берди.
Мамлакат раҳбари унинг шахсий қабулига кира олмаганидан шикоят қилган фуқарога жавоб қайтариб, 7,5 миллион аҳолининг барчасини шахсан қабул қилиш имкони йўқлигини таъкидлади.
“Қабулимга кира олмаганингизни айтишнинг ҳожати йўқ. Сизлар 7,5 миллион кишисиз, мен эса битта президентман. Олдимга келганларнинг ҳаммасини қабул қила олмайман-ку. Менинг иш жадвалим бор. Шундоқ ҳам 24 соатнинг атиги 4 соатида ухлайман, қолган 20 соатини ишда ўтказаман”, деди Жапаров.
Президент бундай иш тартибида ҳам барча масалаларни ҳал қилишга вақт етмаслигини қўшимча қилди.
Шунингдек, у ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилган фуқаронинг мурожаатини кўриб чиқишни топширди.
Учрашув давомида аҳоли вакиллари ер низолари, йўл қурилиши, ижтимоий инфратузилма ҳамда давлат идоралари фаолиятига оид муаммоларни ҳам кўтарди.






