Мулоқот аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг самимий саломи ва эзгу тилаклари етказилди.
Учрашувда Грузия Бош вазирининг 2025 йил март ойида Ўзбекистонга расмий ташрифи ҳамда шу йил июль ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Грузияга давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиққани таъкидланди. Стратегик шериклик тўғрисидаги декларациянинг имзоланиши ҳамкорликдаги муҳим тарихий воқеа бўлгани қайд этилди.
Томонлар савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, шунингдек, транспорт-логистика соҳасидаги қўшма лойиҳаларни илгари суриш масалаларини муҳокама қилди. Минтақавий ва халқаро кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Шунингдек, Ажария Автоном Республикаси Ҳукумати раиси Зураб Патарадзе билан ҳам мулоқот ўтказилди.
Томонлар Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш ҳамда уни амалий ташаббуслар билан бойитиш борасидаги саъй-ҳаракатларни изчил давом эттиришга келишиб олди.






