Францияда илгари фақат ҳайвонларга юқади, деб ҳисобланган Шамонда вируси инсонда ҳам аниқланди. Ҳолат октябрь ойи бошида Лион шаҳрида вафот этган беморда қайд этилган. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.
Маълум қилинишича, бемор оғир иммунитет танқислигидан азият чеккан ва Лиондаги “Hospices Civils” шифохонасида даволанган. Ҳозирда вирус унинг ўлимига бевосита сабаб бўлганми ёки ўлим жараёнига таъсир кўрсатганми, аниқлаштирилмоқда.
Европа касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш маркази маълумотларига кўра, вирус беморга қайси ҳашарот орқали юққани ҳозирча номаълум. Франция расмийлари инфекция қон сўрувчи майда ҳашаротлардан бири — “Culicoides” чақиши орқали юққан бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Шамонда вируси асосан қорамолларда учрайди. Касалланган ҳайвонларда иситма, ҳолсизлик ва ич кетиши кузатилиши мумкин. Сигирларда сут маҳсулдорлиги ҳам сезиларли даражада пасаяди. Вирус, асосан, майда қон сўрувчи ҳашаротлар орқали тарқалади.
Шамонда вируси илк бор 1960-йилларнинг ўрталарида Нигерияда аниқланган. Кейинчалик у Африка мамлакатлари ва Япониядаги қорамолларда қайд этилган. 2026 йил ёзида эса вирус Ғарбий Европанинг бир қатор мамлакатларида ҳам тарқалгани маълум бўлди.
Франция Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълум қилишича, ҳозиргача мавжуд маълумотлар вирус аҳоли саломатлиги учун кенг кўламли хавф туғдираётганини кўрсатмаяпти.
Айни пайтда инсонда қайд этилган ҳолат бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Европа касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш маркази ҳамкорликда текширув олиб бормоқда. Мутахассислар вируснинг бемор ўлимига алоқадорлигини ҳам ўрганмоқда.






