Франция Президенти Эммануэль Макрон мамлакатдаги тартибсизликлардан айрим хорижий етакчилар сиёсий мақсадларда фойдаланаётганини билдирди. Унинг таъкидлашича, воқеалардан кейин Франция ҳақида нотўғри маълумотлар тарқатилиб, жамоатчилик фикрини манипуляция қилишга уринишлар кузатилган. Бу ҳақда у 21 октябрь куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида журналистлар билан суҳбатда гапирди.
Макрон аниқ номларни тилга олмаган. Бироқ унинг баёнотлари Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Франциядаги вазият ҳақидаги чиқишларига ишора сифатида талқин қилинмоқда.
“Содир бўлган воқеаларда очиқ-ойдин ташқи аралашувни кўрмаяпмиз. Бироқ воқеалардан кейин хориждан туриб ахборотни манипуляция қилиш ҳолатлари кузатилди”, деган Макрон.
Аввалроқ Нетаньяху Францияда “экстремистик ислом босқини” юз бераётганини айтган. Трамп эса мамлакатдаги зўравонликларни оммавий миграция билан боғлаб, Франция чегараларини ёпиш ва вазиятни назоратга олишга чақирган.
Макроннинг айтишича, айрим хорижий етакчилар сунъий интеллект ёрдамида яратилган сохта видеолар таъсирида Франциядаги воқеалар ҳақида нотўғри баёнотлар берган.
“Мамлакатимиз ҳақида ёмон гапираётганларнинг барчаси юртимизни севмайдиган одамлардир. Бундай одамлар ғашимни келтиради”, деган Франция раҳбари. У айрим хорижий етакчиларнинг изоҳларини қабул қилиб бўлмайдиган ва аҳмоқона деб атаган.






