АсосийЖАМИЯТ

Вояга етмаган қизга нисбатан жинсий жиноятда гумонланган ўзбекистонлик Россияда ушланди

Айни вақтда уни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш масаласи ҳал этилмоқда.

'Вояга етмаган қизга нисбатан жинсий жиноятда гумонланган ўзбекистонлик Россияда ушланди'ning rasmi

Ўзбекистонда 16 ёшга тўлмаган қиз билан жинсий алоқада бўлишда гумонланиб, давлатлараро қидирувга берилган фуқаро Россияда қўлга олинди. Бу ҳақда Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги мамлакат Ички ишлар вазирлигининг Астрахан вилояти бўйича бошқармаси маълумотларига таяниб хабар берди.

Маълум қилинишича, 2004 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси Россиядан Қораўзак автомобиль ўтказиш пункти орқали чиқиб кетишга уринган. Ҳужжатлар текширилганида унинг давлатлараро қидирувда экани аниқланган.

Тергов маълумотларига кўра, жорий йилнинг март ойида унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 128-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Мазкур норма 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқада бўлишга тааллуқли. Шунингдек, гумонланувчига нисбатан сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Россия миграция хизмати ходимлари текширув давомида фуқаронинг мамлакат ҳудудида ноқонуний бўлиб турганини ҳам аниқлаган. У бир неча ой давомида Волгоград вилоятидаги қурилиш объектларида ишлаган.

Россияда бўлиш тартибини бузгани учун эркак Россия Федерацияси Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг 18.8-моддаси 1.1-қисмига мувофиқ маъмурий жавобгарликка тортилган.

Расмий маълумотларга кўра, гумонланувчи миграция хизмати ходимлари, Россия Ички ишлар вазирлигининг Красноярск тумани бўйича бўлими жиноят қидирув ходимлари ҳамда Россия Федерал хавфсизлик хизматининг Қалмоғистон Республикаси ва Астрахан вилояти бўйича чегара бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ушланган.

    Бошқа янгиликлар