АҚШда Ўзбекистон фуқароси Нурсултон Ҳайдаров 12 миллион доллардан ортиқ қийматдаги юкларни ўғирлашда айбланмоқда. Тергов маълумотларига кўра, у шериклари билан биргаликда сохта ҳужжатлар ва бошқа шахсларнинг маълумотларидан фойдаланиб, камида 24 та йирик юкни қўлга киритган. Бироқ Ҳайдаров ўзига қўйилган айбловни тан олмаган.
АҚШнинг Коннектикут округи прокуратураси маълум қилишича, 33 ёшли Нурсултон Ҳайдаров 21 октябрь куни Брижпортдаги федерал судда жиноий тил бириктириш айблови бўйича ўзини айбдор деб тан олмаган.
Унга нисбатан айблов хулосаси 22 сентябрь куни Нью-Ҳейвендаги федерал катта ҳакамлар ҳайъати томонидан чиқарилган. Агар суд уни айбдор деб топса, Ҳайдаров беш йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Тергов материалларига кўра, Ҳайдаров ва унинг шериклари 2025 йил сентябрь ойидан бошлаб бир нечта юк ташиш компанияларини сотиб олган ёки улар устидан назоратни қўлга киритган. Кейинчалик улар ушбу компанияларнинг АҚШ Транспорт вазирлигидаги рўйхатдан ўтиш рақамлари, идентификация маълумотлари, электрон почта аккаунтлари ҳамда аввалги эгаларининг шахсий маълумотларидан фойдаланган.
Айбловга кўра, гуруҳ аъзолари компанияларнинг аввалги эгалари сифатида ўзини таништириб, штатлар ўртасида юк ташиш бўйича шартномалар тузган. Шундан сўнг юклар белгиланган тақсимлаш марказларидан олиб кетилган, бироқ уларнинг аксарияти манзилга етказилмаган.
Айрим ҳолларда эса гумонланувчилар ўғирланган товарларни қайтариш эвазига товон пули талаб қилган.
Сохта ҳужжатлардан фойдаланган
Айблов хулосасида келтирилишича, Ҳайдаров АҚШда доимий яшаш ҳуқуқига ва Нью-Жерси штатида берилган ҳақиқий тижорат ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган.
Шу билан бирга, терговчилар унинг бошқа шахслар номига расмийлаштирилган сохта гувоҳномалардан ҳам фойдаланганини билдирган. Ҳужжатлар Сайид Махмударов, Рустам Мавлонов, Дмитрий Аганин, Роман Смирнов ва Қайрат Нуртас номларига расмийлаштирилгани айтилмоқда. Прокуратура маълумотларига кўра, ушбу гувоҳномаларга Ҳайдаровнинг ташқи кўриниши ўзгартирилган фотосуратлари жойлаштирилган.
Терговчилар гуруҳ камида 24 та юк партиясини ўғирлаганини аниқлаган. Ўғирланган маҳсулотлар орасида қаттиқ дисклар, аудио ускуналар, кийим-кечак, электроника, компьютер жиҳозлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, никотин маҳсулотлари ва бошқа қимматбаҳо товарлар бўлган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур жиноий ҳаракатлар натижасида етказилган зарар 12 миллион доллардан ошган.
Ҳайдаров июнь ойида қўлга олинган
Нурсултон Ҳайдаров 1 июнь куни Калифорния штатидаги Онтарио шаҳрида федерал жиноий шикоят асосида қўлга олинган. У шундан бери ҳибсда сақланмоқда. 21 октябрь куни эса судда иштирок этиш учун Брижпортга олиб келинган.
Мазкур иш бўйича тергов АҚШ Федерал қидирув бюроси, Транспорт вазирлиги, Ички даромадлар хизмати, Миллий хавфсизлик тергов хизмати, шунингдек, Фуллертон ва Онтарио полиция бўлимлари ҳамкорлигида олиб борилмоқда.
Прокуратура таъкидлашича, судда айби исботлангунига қадар Ҳайдаров айбсиз ҳисобланади.






