АҚШда яшовчи 33 ёшли Ўзбекистон фуқароси Нурсултон Ҳайдаров қиймати 12 миллион доллардан ортиқ юкларни ўғирлашга алоқадорликда айбланмоқда. Тергов маълумотларига кўра, у эҳтимолий шериклари билан биргаликда транспорт компаниялари номидан иш юритиб, камида 24 та юкни ўғирлашда гумонланмоқда. Бироқ судда Ҳайдаров ўз айбига иқрор бўлмаган. Бу ҳақда “Fox 61” хабар берди.
Маълум қилинишича, 2026 йил 21 октябрь куни иш АҚШнинг Коннектикут штатидаги Брижпорт федерал судида кўриб чиқилган. Ҳайдаровга нисбатан айблов хулосаси эса 22 сентябрь куни Нью-Хейвендаги федерал катта ҳакамлар ҳайъати томонидан чиқарилган.
Терговчиларнинг тахмин қилишича, 2025 йил сентябрь ойидан бошлаб Ҳайдаров ва унинг эҳтимолий шериклари бир нечта юк ташиш компанияларини сотиб олган ёки улар устидан назорат ўрнатган. Кейинчалик улар ушбу компанияларнинг АҚШ Транспорт вазирлигидаги рўйхат рақамлари, ташувчи идентификация рақамлари, электрон почта ҳисоблари ва собиқ эгаларининг шахсий маълумотларидан фойдаланган.
Прокурорлар фикрича, гумонланувчилар аввалги компания эгалари номидан иш юритиб, мавжуд корхоналарнинг ишончли обрўсидан фойдаланган ҳолда штатлараро юк ташиш шартномаларини қўлга киритган. Шундан сўнг, юклар тарқатиш марказларидан олиб кетилган, аммо уларнинг бир қисми белгиланган манзилга етказилмаган.
Айрим ҳолатларда гумонланувчилар ўғирланган товарларни қайтариш эвазига товон пули талаб қилгани ҳам айтилмоқда.
Сохта ҳужжатлардан фойдаланганликда ҳам гумонланмоқда
Айблов ҳужжатларига кўра, Ҳайдаров АҚШда доимий яшаш ҳуқуқини берувчи “Грин-карта”га ҳамда Нью-Жерси штатида берилган ҳақиқий тижорат ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган.
Шунингдек, унда “Сайид Махмударов”, “Рустам Мавлонов”, “Дмитрий Аганин”, “Роман Смиров” ва “Қайрат Нуртас” номларига расмийлаштирилган сохта ҳайдовчилик гувоҳномалари бўлгани иддао қилинмоқда. Тергов маълумотларига кўра, ушбу ҳужжатларда Ҳайдаровнинг юз тузилиши ўзгартирилган фотосуратларидан фойдаланилган.
Айблов хулосасида жиноий схема камида 24 та юкнинг ўғирланишини қамраб олгани қайд этилган. Ўғирланган товарлар орасида қаттиқ дисклар, стерео-ускуналар, кийим-кечак, электроника, компьютер жиҳозлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, никотин маҳсулотлари ва бошқа қимматбаҳо буюмлар бўлган.
Прокурорлар Ҳайдаровга алоқадор деб ҳисобланаётган ўғриликлар оқибатида етказилган зарар 12 миллион доллардан ошганини билдирган.
Ҳайдаров 2026 йил 1 июнь куни Калифорния штатидаги Онтарио шаҳрида федерал жиноий шикоят асосида ҳибсга олинган. У шундан бери ҳибсда сақланиб келинмоқда. 21 октябрь куни эса судда иштирок этиш учун Брижпортга олиб келинган.
Мазкур жиноий иш АҚШ Федерал қидирув бюроси, АҚШ Транспорт вазирлиги Бош инспектори офиси, Ички даромадлар хизматининг жиноятларни тергов қилиш бўлинмаси, Миллий хавфсизлик терговлари хизмати ҳамда Калифорния штатидаги Фуллертон ва Онтарио полиция бошқармалари ҳамкорлигида тергов қилинмоқда.
Прокурорлар таъкидлашича, судда айби исботланмагунча Ҳайдаров айбсиз ҳисобланади. Агар у жиноий тил бириктиришда айбли деб топилса, беш йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.






