Тошкентда собиқ шампан винолари заводи ҳудудида олиб борилаётган қурилиш ишлари вақтида Боткин қабристонини ажратиб турувчи девор қулаб тушди. Оқибатда бир нечта қабр тошларига шикаст етди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълум қилди.
Дастлабки ўрганишларга кўра, ҳодиса қабристоннинг 15-секторида содир бўлган. Оқибатда охирги қаторда жойлашган бир нечта қабр тошлари шикастланган. Қайд этилишича, қабрларнинг ўзи очилиб қолмаган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Шаҳар ободонлаштириш бошқармаси вазиятни назоратга олган. Ҳодиса тафсилотлари ўрганилиб, масъул шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши ва айбдорлар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши билдирилган.
Ҳокимлик марҳумларнинг яқинлари қайғуси ва эътирозларини тушунишини таъкидлаб, вафот этганлар хотираси ҳамда уларнинг яқинлари ҳис-туйғуларига ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақирган.
Маълум қилинишича, буюртмачи ва пудратчи ташкилотларга девор қулашининг оқибатларини бартараф этиш ҳамда шикастланган қабр тошларини қайта тиклаш мажбурияти юклатилган. Ташкилотлар вакиллари узр сўраб, тиклаш ишларини ҳафта охиригача якунлашларини билдирган.






