Тошкент шаҳридаги Боткин қабристонида қурилиш ишлари вақтида бир нечта қабр тошларига зарар етказган ташкилотга нисбатан 88 миллион сўмлик маъмурий жарима қўлланилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси хабар берди.
Маълум қилинишича, воқеа пойтахтнинг Яшнобод тумани, Султонали Машҳадий маҳалласида жойлашган тадбиркорлик объекти ҳудудида содир бўлган. Қўшимча бино қуриш учун олиб борилган ер ишлари вақтида қабристон девори қулаб тушган ва бир нечта қабр тошларига шикаст етган.
Ўрганишлар давомида қурилиш ишлари белгиланган шаҳарсозлик нормалари талабларига зид равишда, тегишли рухсатномаларсиз бошлангани аниқланган. Шунингдек, ер ишлари жараёнида қурувчининг эҳтиётсизлиги оқибатида қабристон деворига зарар етказилгани маълум бўлган.
Ҳолат юзасидан қурилиш ташкилотига нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари, яъни 88 миллион сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилган.






