Россиянинг жанубида меҳнат фаолияти давомида оғир жароҳат олган Ўзбекистон фуқароси Д.У. тиббий эвакуация орқали мамлакатга олиб келинди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, бахтсиз ҳодиса оқибатида фуқаро турли тан жароҳатларини олган ва ҳудуддаги тиббиёт муассасаларидан бирига ётқизилган. У ерда унга зарур тиббий ёрдам кўрсатилган.
Фуқарони Ўзбекистонга қайтариш масаласи Бош консулхона ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонаси ҳамкорлигида ҳал қилинган.
“Д.У.нинг соғлиғи ва шифокорлар тавсияларидан келиб чиққан ҳолда, уни тиббий эвакуация қилиш чоралари кўрилди. Фуқарони кузатиб бориш учун Ўзбекистондан икки нафар тиббиёт мутахассиси етиб келди ва улар парвоз давомида зарур тиббий назоратни таъминлади”, — дейилади хабарда.
Барча ташкилий ишлар амалга оширилгач, фуқаро шифокорлар ҳамроҳлигида “Минералние Води — Тошкент” авиарейси орқали Ўзбекистонга олиб келинган.






