Ўзбекистонда ёшларни замонавий рақамли ва креатив касбларга тайёрлашга қаратилган “CreativeTech” дастури амалга оширилмоқда. Лойиҳа Рақамли технологиялар вазирлиги қўллаб-қувватлови билан “Мирзо Улуғбек ворислари” ўқув курслари маркази иштирокида йўлга қўйилган.
Дастур доирасида ёшларга 3D моделлаштириш, VFX композитинг, анимация, GameDev, Digital Art, FX Simulation, Cinema 4D ва Unreal Engine каби йўналишларда билим бериш кўзда тутилган. Таълим 6 ой давом этади ва онлайн ҳамда офлайн шаклларда ташкил этилади.
Лойиҳанинг ўзида келтирилган маълумотларга кўра, CreativeTech’га қарийб 4 мингта ариза келиб тушган. Дастур доирасида қарийб 1 минг нафар ёш таълимни якунлаган ёки ўқишни давом эттирмоқда.
Номзодлар бир неча босқичда сараланади. Аввало ариза ва ижодий ишлар қабул қилинади, кейин онлайн тест ўтказилади. Якуний босқичда номзодлар билан суҳбат ташкил этилади. Расмий маълумотга кўра, танлов жараёни онлайн тест, портфолио тақдимоти ва суҳбатдан иборат.
Дастурнинг асосий мақсади фақат назарий билим бериш эмас. Ташкилотчилар таълимни амалий лойиҳалар, менторлик, портфолио шакллантириш, стажировка ва кейинчалик ишга жойлашиш жараёни билан боғлашни режалаштирган.
Шунингдек, ўқувчилар замонавий компьютерлар билан жиҳозланган майдонларда workshop ва амалий машғулотларда иштирок этади. Тайёргарликдан ўтган иштирокчиларга маҳаллий ва халқаро компанияларда ишлаш имкониятини яратиш мақсад қилинган.
Бундай мутахассисларга бўлган талаб халқаро миқёсда ҳам ошиб бормоқда. Жаҳон савдо ва тараққиёт ташкилоти — UNCTAD маълумотларига кўра, 2022 йилда дунёда креатив хизматлар экспорти 1,4 триллион долларга етган. Бу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан 29 фоизга кўп. Креатив маҳсулотлар экспорти эса 713 миллиард долларни ташкил қилган.
Жаҳон иқтисодий форумининг “Future of Jobs Report 2025” ҳисоботига кўра, 2030 йилгача дунёда 170 миллионта янги иш ўрни яратилиши, 92 миллионта иш ўрни эса қисқариши кутилмоқда. Шунингдек, мавжуд кўникмаларнинг ўртача 39 фоизи ўзгариши ёки эскириши прогноз қилинган.
“CreativeTech” дастурида 10 та йўналиш қамраб олингани билдирилган:
— 3D моделлаштириш;
— Game Development;
— анимация;
— VFX композитинг;
— FX Simulation;
— Cinema 4D;
— Unreal Engine;
— Anime & Manga;
— Adobe After Effects;
— Digital Art.
Таълим дастури якунланганидан сўнг иштирокчиларнинг асосий натижаси сертификат эмас, балки иш берувчига тақдим этиш мумкин бўлган портфолио ва амалий тажриба бўлиши мақсад қилинган.
Дастурга ариза топшириш CreativeTech.uz платформаси орқали амалга оширилади. Ташкилотчилар маълумотига кўра, таълим давлат гранти асосида бепул ташкил этилади.






