Бугун, 3 октябрь куни Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида қурилаётган масжид биносининг гүмбаз қисмида ёнғин содир бўлди. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, соат 11:36 да Сергели-4 даҳасида жойлашган янги қурилаётган масжид биносининг гүмбаз қисми ёнаётгани ҳақида хабар келиб тушган.
Қутқарув экипажлари воқеа жойига зудлик билан етиб бориб, вазиятни назоратга олган.
Аниқланишича, масжид биносининг гүмбаз қисмида пенополиуретан ёнган ва зарарланган. Ёнғин соат 12:04 да тўлиқ бартараф этилган.
Ҳодиса натижасида тан жароҳати олганлар йўқ.
Воқеа юзасидан қўшимча маълумот берилиши айтилди.






