АсосийЖАМИЯТ

Қашқадарёда ўгай она урган 4 ёшли қизча вафот этди

Болалар омбудсмани жиноят иши юритилиши устидан назоратни давом эттиришини маълум қилди.

'Қашқадарёда ўгай она урган 4 ёшли қизча вафот этди'ning rasmi

Қашқадарё вилояти Касби туманида ўгай она томонидан урилган 2022 йилда туғилган қизча вафот этди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи ушланган. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.

Маълум қилинишича, 26 сентябрь куни Касби туманида яшовчи 1994 йилда туғилган И.С. турмуш ўртоғи 1988 йилда туғилган Н.А. билан ўзаро низолашиб, унинг 2022 йилда туғилган О.Ш. исмли қизини урган.

Оқибатда бола бош қисмидан оғир жароҳат олган. Унинг соғлиғи кескин ёмонлашиб, шу куни вафот этган.

Ҳолат юзасидан 27 сентябрь куни туман ИИБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 126-моддаси 8-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Мазкур банд жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган оилавий зўравонлик ҳолатларини қамраб олади.

И.С. Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддасига асосан гумонланувчи тариқасида ушланган. Айни вақтда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мазкур жиноят учун 10 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Болалар омбудсмани жиноят иши юритилиши устидан назоратни давом эттиришини маълум қилди.

Шунингдек, 2 октябрь куни Сенат томонидан маъқулланган болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга оид қонунга кўра, боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан содир этилган жиноятлар учун шартли ҳукм қилиш ва муддатидан илгари шартли озод қилишга йўл қўйилмайди.

    Бошқа янгиликлар