БАА Бош прокуратураси Flydubai авиакомпаниясининг FZ1073 рейси бортида 30 сентябрь куни содир бўлган ҳодиса бўйича терговнинг дастлабки натижаларини маълум қилди. Унга кўра, самолёт иккинчи учувчиси террорчилик ҳаракатини амалга оширишга уринган.
БАА Бош прокурори Ҳамад Саиф Ал-Шамсийнинг маълум қилишича, иккинчи учувчи парвоз вақтида кабинада самолёт командирига авариявий болта билан ҳужум қилган. Шундан сўнг у ҳаво кемаси бошқарувини эгаллаб олишга уринган.
Ҳодиса 30 сентябрь куни Дубайдан Тель-Авивга йўл олган FZ1073 рейсида содир бўлган. Ҳодиса оқибатида самолёт Саудия Арабистонининг Табук шаҳрига фавқулодда қўндирилган.
Айни пайтда тергов давом этмоқда. Терговчилар ҳодисанинг барча тафсилотлари, сабаблари ва унга алоқадор бўлиши мумкин бўлган боғлиқликларни аниқламоқда. Шунингдек, техник экспертизалар ўтказилиб, ашёвий ва рақамли далиллар ўрганилмоқда.
БАА Бош прокуратураси якуний натижалар барча зарур процессуал ишлар якунланганидан сўнг эълон қилинишини билдирган.






