АсосийДУНЁ

Билл Гейтс сунъий интеллект сабабли 20 йиллик беқарорликка тайёргарлик кўришга чақирди

У киберҳужумлар, биотерроризм ва илғор моделлар устидан назоратни йўқотиш хавфидан огоҳлантирди.

'Билл Гейтс сунъий интеллект сабабли 20 йиллик беқарорликка тайёргарлик кўришга чақирди'ning rasmi

Microsoft асосчиси Билл Гейтс сунъий интеллектнинг жадал ривожланиши келгуси 20 йил давомида беқарорликни келтириб чиқариши мумкинлигини айтиб, жамиятни бунга тайёр бўлишга чақирди. Бу ҳақда у The Verge нашрига берган интервьюсида сўз юритди.

Гейтснинг таъкидлашича, сунъий интеллектнинг сўнгги бир йилдаги тараққиёти ҳайратланарли даражага етган. У код ёзиш, киберхавфсизликдаги заифликларни аниқлаш, биология соҳасида таҳлил қилиш ва инсонлар билан муносабат ўрнатиш қобилиятларини эгаллаган.

"Бугунги кунда мавжуд бўлган улкан имкониятлар бу жараёнларнинг барчаси содир бўлишини англатади ва жамият бунга тайёр бўлиши керак", — деди миллиардер.

Унинг фикрича, асосий хавф ҳимоя механизмлари билан таъминланмаган сунъий интеллект моделларидан келиб чиқади. Бундай моделлар киберҳужумлар ва биотерроризм учун имконият яратиши мумкин. Узоқ муддатли яна бир таҳдид эса илғор моделлар устидан назоратни йўқотиш билан боғлиқ.

"Биз имкониятлар чегарасидан ўтдик. Бу, шубҳасиз, илгари яратилган энг хавфли технология бўлиб, иқтисодиётга ва уруш олиб бориш усулларига ҳар томонлама таъсир кўрсатади", — деди Гейтс.

Унинг қайд этишича, сунъий интеллект соҳаси вакиллари хавф-хатарлар ҳақида очиқ гапирмоқда, бироқ жамиятнинг катта қисми бу сафар вазият аввалгилардан тубдан фарқ қилишини англаб етмаган.

"Соҳа ичидаги мутахассислар томонидан билдирилаётган огоҳлантиришларнинг ҳеч бири асоссиз эмас. Бу мутлақ ҳақиқат", — дея таъкидлади у.

Гейтс сунъий интеллект устидан назорат ўрнатишнинг учта асосий йўналишини таклиф қилди. Биринчиси — моделларни яратиш ва ўқитиш усулларини ўзгартириш. Иккинчиси — моделларнинг ички ишлаш жараёнларини тушуниш имконини берувчи шаффофликни таъминлаш. Учинчиси эса моделлар бузиб ўта олмайдиган қатъий хавфсизлик қоидаларини жорий этишдан иборат.

    Бошқа янгиликлар