Япониянинг Окинава оролида АҚШ денгиз пиёдаси маҳаллий аҳоли вакили бўлган 39 ёшли аёлни ўлдиришда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Окинава полицияси маълум қилишича, 3 октябрь куни эрталаб Наха шаҳридаги меҳмонхона хонасидан 39 ёшли аёл ҳаёт белгиларисиз топилган. У воқеа жойида вафот этган. Полиция аёл ўлдирилганини маълум қилган.
Гумонланувчи 20 ёшли АҚШ денгиз пиёдаси бўлиб, Окинавадаги Футэнма ҳарбий-ҳаво базасида хизмат қилган. Кузатув камералари ёзувларида сочи олинган чет эллик эркак аёл билан бирга меҳмонхона хонасига киргани, кейин эса унинг буюмларини олиб, бинодан чиқиб кетгани акс этган.
АҚШнинг Япониядаги элчихонаси ҳодиса юзасидан баёнот бериб, марҳуманинг оиласига ҳамдардлик билдирди. Элчихона тергов жараёнида Япония ҳукумати ва маҳаллий ҳокимият органлари билан яқин ҳамкорлик қилишини маълум қилди.
Япония бош вазири Санаэ Такаичи ҳам воқеага муносабат билдирди. У АҚШ денгиз пиёдаси ҳарбий хизматчиси қўлга олинганидан хабардор эканини айтиб, ҳодиса юзасидан АҚШ томонига кескин эътироз билдирилганини маълум қилди.
Такаичи Япония ҳукумати терговга ҳар томонлама кўмаклашишини, АҚШ ҳарбий хизматчилари ўртасида интизомни қатъий таъминлаш ва бундай ҳодисалар такрорланишининг олдини олиш зарурлигини таъкидлади.






