АсосийДУНЁ
Муаллиф: Darakchi.uz

Туркияда ҳарбий вертолёт ҳалокатга учради

5 нафар ҳарбий ҳалок бўлди.

'Туркияда ҳарбий вертолёт ҳалокатга учради'ning rasmi

Туркиянинг Эскишеҳир шаҳрида ўқув парвози вақтида Ҳаво кучларига тегишли AS-532 русумли вертолёт ҳалокатга учради. Ҳодиса оқибатида вертолётда бўлган беш нафар ҳарбий ҳалок бўлди. Бу ҳақда Туркия Миллий мудофаа вазирлиги хабар берди.

Вазирлик маълумотига кўра, вертолёт 2026 йил 24 ноябрь куни ўқув парвозини амалга ошираётган вақтда ҳалокатга учраган.

Ҳалок бўлган ҳарбийларнинг исм-шарифлари маълум қилинди. Улар:

ResimResim

  • Ҳаво пилоти полковник Меҳмет Чёл;

  • Ҳаво пилоти катта лейтенант Ҳалил Карабулут;

  • Ҳаво пиёда қўшинлари бош сержанти Волкан Демирхан;

  • Ҳаво техникасини таъмирлаш бош сержанти Муҳаммед Нуруллоҳ Эрарслан;

  • Ҳаво пиёда қўшинлари катта сержанти Меҳмет Алп Гурдағ.

Туркия Миллий мудофаа вазири Яшар Гулер ҳалок бўлган ҳарбийлар хотирасига таъзия билдирди. Шунингдек, мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған, парламент раиси Нуман Куртулмуш ва бошқа расмийлар ҳам ҳамдардлик билдирган.

НАТОнинг Брунсум қўшма кучлар қўмондонлиги ҳам Туркияга таъзия йўллаган. Қўмондонлик баёнотида ҳалок бўлган ҳарбийларнинг оилалари ва ҳамкасбларига ҳамдардлик билдирилган.

Ҳозирча вертолёт ҳалокатининг сабаблари ҳақида маълумот берилмаган.

    Бошқа янгиликлар