UFC собиқ чемпиони Алжамейн Стерлинг Умар ва Усмон Нурмагомедовларнинг Абудабида грузиялик жангчи Мераб Двалишвили билан боғлиқ можародаги ҳаракатларини кескин танқид қилди. Унинг фикрича, ака-ука Нурмагомедовлар қамоқда қолиши керак эди.
11 ноябрь куни Абудабидаги меҳмонхоналардан бирида Умар ва Усмон Нурмагомедовлар ҳамда уларнинг атрофидагилар иштирокида Мераб Двалишвили билан жанжал юзага келган.
"Бир одам билан қўл ташлашиб, ярашиб, кейин унга орқадан ҳужум қилишни қабул қилиб бўлмайди. Мен бундай одамларни ҳурмат қила олмайман. Бу воқеадан кейин уларга бўлган ҳурматимни йўқотдим. Менимча, улар қамоқда қолиши керак эди. Улар доимо жазодан қутулиб қолишади. Қонундан устун эмасликларини тушунишлари керак", деди Стерлинг.
Маълум қилинишича, 17 ноябрь куни Абудаби суди можаро иштирокчиларини озод қилган ва уларга белгиланган жарималарни икки баравар камайтирган.
Бунга томонларнинг ярашгани, ўзаро даъволарини қайтариб олгани ҳамда Мераб Двалишвилининг БАА расмийларига ҳибсдагиларни озод қилиш бўйича илтимоснома юборгани сабаб бўлган.
Шундан сўнг ака-ука Нурмагомедовлар Россияга қайтиб кетган.






