АсосийДУНЁ
Муаллиф: Darakchi.uz

Исроил зарбаларида ҲАМАС хавфсизлик хизмати раҳбари ўлдирилди

Ғазода камида 7 киши ҳалок бўлди.

'Исроил зарбаларида ҲАМАС хавфсизлик хизмати раҳбари ўлдирилди'ning rasmi

Исроилнинг Ғазо секторига берган ҳаво зарбалари оқибатида камида етти нафар фаластинлик, жумладан, ҲАМАСнинг ички хавфсизлик хизмати раҳбари Наим Абу Наҳел ҳалок бўлди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Маълум қилинишича, Наим Абу Наҳел Ғазо шаҳрининг ғарбий қисмида нишонга олинган. ҲАМАС назоратидаги ички ишлар вазирлиги унинг 50 ёшда бўлганини ва бу лавозимда 2026 йил сентябрь ойидан бери ишлаб келганини маълум қилди. Унинг ўтмишдоши Исроил махсус кучларининг амалиёти давомида қўлга олинган эди.

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ва мудофаа вазири Исроил Кац Абу Наҳел Исроил ҳарбийлари томонидан “йўқ қилингани”ни маълум қилди.

Қолган олти нафар фаластинлик эса Ғазо секторининг бошқа ҳудудларига берилган иккита ҳаво зарбаси оқибатида ҳалок бўлган. Тиббиёт ходимлари маълумотига кўра, Ғазо шаҳри жанубидаги Вади Ғазо ҳудудида уч киши, жумладан, ўсмир ҳалок бўлган. Яна уч киши Хон-Юнис ғарбидаги ал-Мавосий ҳудудида жойлашган полиция бўлимига берилган зарба оқибатида ҳаётдан кўз юмган.

Ғазо полицияси ҳалок бўлганлар орасида икки нафар ходими борлигини маълум қилди. Исроил ҳарбийлари эса ҳар икки ҳудудда “ҳарбий фаолият билан шуғулланган шахслар” нишонга олинганини билдирди.

AFP via Getty Images A nurse tends to children suffering from meningitis at al-Aqsa hospital in Deir al-Balah, central Gaza (24 November 2026)

Гувоҳларнинг айтишича, Абу Наҳел Ғазо шаҳридаги кўчалардан бирида, кўчирилган аҳоли учун ташкил этилган чодирлар лагери яқинида кетаётганида Исроил дрони унга зарба берган. Ҳужум оқибатида яна бир неча киши оғир жароҳатланган.

Исроил ҳарбийлари Абу Наҳел ҲАМАС ички хавфсизлик хизмати фаолияти ҳақида кенг маълумотга эга бўлганини таъкидлаган. Ушбу хизмат интизомни таъминлаш, инфратузилмани ҳимоя қилиш ва маълумот етказувчиларни аниқлаш билан шуғулланади.

Ҳарбийлар унинг ўлими хизматнинг бошқарув салоҳиятига зарба бўлганини билдирган. Шунингдек, Абу Наҳел уруш давомида Исроил ҳарбийлари ва фуқароларига қарши ҳужумларни ташкил этишда иштирок этганини даъво қилган.

ҲАМАС ички ишлар вазирлиги эса унинг ўлими ички хавфсизлик хизмати Исроил билан ҳамкорлик қилаётган қуролли гуруҳларга қарши курашда муҳим натижаларга эришганидан кейин содир бўлганини маълум қилди.

Ғазода ўт очишни тўхтатиш келишувига қарамай, зарбалар давом этмоқда

Исроил ва ҲАМАС ўртасида 2025 йил октябрь ойида АҚШ воситачилигида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилганига қарамай, Ғазода зўравонлик давом этмоқда. Исроил назоратидан ташқаридаги, ҲАМАС бошқараётган ҳудудларга деярли ҳар куни зарбалар берилмоқда. У ерда 2,1 миллион киши, асосан, уй-жойини ташлаб кетган фаластинликлар яшайди.

ҲАМАС назоратидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, сўнгги 13 ойда секторда камида 1 679 киши ҳалок бўлган. БМТ ушбу вазирлик келтирган рақамларни ишончли деб ҳисоблайди.

Исроил эса шу даврда Ғазода олти нафар ҳарбийси ҳалок бўлганини маълум қилган.

Ғазодаги гуманитар вазият ҳам оғирлигича қолмоқда. Ноябрь ойи бошидаги кучли ёмғирлар кўчирилган аҳоли учун қурилган минглаб бошпаналарни сув босиши ва уларга зарар етказишига сабаб бўлган.

БМТ ва унинг ҳамкорлари Исроилни Ғазо чегараларидан кўпроқ гуманитар ёрдам киритишга чақирган. Қишга тайёргарлик кўриш учун чодирлар, иситгичлар, сув насослари, шунингдек, юқумли касалликларга қарши вакциналар ва дори-дармонлар зарурлиги таъкидланган.

Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, октябрь ойида менингит билан касалланиш ҳолатлари кескин кўпайиб, 272 тага етган. Бу одатдаги ойлик кўрсаткичдан тахминан саккиз баравар кўп.

Жорий йилда менингит оқибатида 15 киши вафот этгани, шулардан бештаси август ва октябрь ойлари оралиғида қайд этилгани билдирилган.

Исроилнинг Ғазодаги фуқаролик ишларини мувофиқлаштирувчи идораси (COGAT) эса гуманитар ёрдам кўрсатиш учун махсус чоралар кўрилаётганини маълум қилган.

Ғазодаги уруш 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС бошчилигида Исроилнинг жанубига қилинган ҳужумдан кейин бошланган. Ўшанда тахминан 1 200 киши ҳалок бўлган, 251 киши гаровга олинган.

Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, шундан бери Исроил ҳужумлари оқибатида 74 740 нафардан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган.

    Бошқа янгиликлар