Тожикистон Халқаро жиноят судининг Рим статутидан чиқиш тўғрисида Бирлашган Миллатлар Ташкилотига расмий билдиришнома юборди. Бу ҳақда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш баёнотида маълум қилинган. Бу ҳақда Zamon.uz хабар берди.
TASS агентлиги хабарига кўра, Тожикистон 2026 йил 20 ноябрь куни Рим статутидан чиқиш нияти ҳақида БМТни хабардор қилган. Мазкур қарор расмий билдиришнома олинганидан бир йил ўтгач, яъни 2027 йил 20 ноябрда кучга киради.
Маълумот учун, Тожикистон Рим статутига 1998 йилда имзо чеккан ва 2000 йилда уни ратификация қилган. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, иштирокчи давлат БМТ Бош котибига ёзма билдиришнома юбориш орқали статутдан чиқиши мумкин. Қарор билдиришнома қабул қилинганидан бир йил ўтгач кучга киради.
Аввалроқ Европа Иттифоқининг Ташқи алоқалар хизмати Россия Президенти Владимир Путин 2025 йил октябрь ойида Душанбега давлат ташрифи билан борганида Тожикистон Халқаро жиноят суди олдидаги мажбуриятларини бажармаганини билдирган эди.
Эслатиб ўтамиз, Халқаро жиноят суди 1998 йилда қабул қилинган Рим статути асосида ташкил этилган. У БМТ тизимига кирмайди ва халқаро жиноятларда айбланаётган шахслар устидан юрисдикцияни амалга оширади. Суднинг юрисдикцияси, асосан, Рим статутини ратификация қилган давлатлар билан боғлиқ.






