Уйидан айрилганлар, жароҳатланганлар ва таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлган болалар ҳануз тинч ҳаётга қайтишга умид қилмоқда. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Нашрга кўра, можаро 2016 йил октябрь ойида мамлакатнинг инглиз тилида сўзлашувчи ҳудудларидаги адвокатлар ва ўқитувчиларнинг норозилик намойишлари билан бошланган. Улар француз тилида сўзлашувчи ҳукумат томонидан инглиззабон аҳоли манфаатлари камситилаётганига эътироз билдирган.
Дастлаб тинч йўл билан ўтказилган намойишлар кейинчалик қуролли тўқнашувларга айланган. 2017 йилга келиб, мамлакатнинг Шимолий-ғарбий ва Жануби-ғарбий ҳудудларида мустақиллик талаб қилувчи ўндан ортиқ қуролли гуруҳ пайдо бўлган.
Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар можаро давомида ҳар икки томонни ҳам жиддий қонунбузарликларда айблаган. Қуролли гуруҳлар одам ўлдириш, одам ўғирлаш ва мактабларга ҳужум қилишда, ҳукумат кучлари эса ноқонуний ҳибсга олиш, қийноқ ва қонунсиз қатлларда айбланган.
15 ёшида юзига бир неча марта ўқ узилган
Қиз Жануби-ғарбий ҳудуддаги уйида касал бўлиб, ётоқда ётганида қуролланган шахслар оиласи ҳовлисига бостириб кирган. Унинг акаси деразадан қочиб кетган, Медиан эса эшик орқали чиқишга мажбур бўлган.
Ҳовлида икки ҳужумчига дуч келган қиз аввал оёғидан, кейин эса юзидан бир неча марта ўқ еган. Ҳужум оқибатида унинг жағ суяги шикастланган, тишларининг аксарияти синган ва оғиз бўшлиғи жиддий зарар кўрган.
У сўнгги саккиз йил давомида Камерун, Гана ва Ҳиндистонда камида тўрт марта жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган. Юзининг айрим қисмлари танасининг бошқа жойларидан олинган тўқималар ёрдамида тикланган.
Медиан саккиз йил давомида трахеостома орқали нафас олган. Яқинда нафас олиш учун қўйилган найча олиб ташланган ва у яна одатдагидек нафас ола бошлаган.
Минглаб инсонлар уйини ташлаб кетган
БМТ маълумотларига кўра, можаро туфайли ярим миллионга яқин киши уйини тарк этишга мажбур бўлган. Human Rights Watch ташкилоти эса тўқнашувлар бошланганидан бери камида 6 минг киши ҳалок бўлганини маълум қилган.
БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссарлиги маълумотига кўра, 70 мингдан ортиқ камерунлик қўшни Нигериядан бошпана сўраган.
Улардан бири 44 ёшли Глори Аком бўлиб, у Нигериянинг Кросс-Ривер штатидаги Огоя шаҳрида жойлашган қочқинлар лагерларидан бирида яшайди. У икки фарзанди билан Камерунни тарк этишга мажбур бўлган.

Глори аввал ўз юртида тадбиркорлик билан шуғулланган ва оиласини таъминлай олган. Бироқ 2017 йилда тўқнашувлар кучайгач, у уйини ташлаб, ўрмонларда яширинишга мажбур бўлган.
Ҳозирда у БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссарлигидан ойига 67 доллар миқдорида ёрдам олади. Ушбу маблағ озиқ-овқат, тиббий хизмат ва бошқа зарур харажатларни қоплашга етарли эмас.
200 мингдан ортиқ бола таълимдан узилган
Можаро ҳудудларида таълим тизими ҳам жиддий зарар кўрган. 2017 йилда қуролли айирмачилар ҳукуматга босим ўтказиш мақсадида мактабларга боришни тақиқлаган. Бу даврда таълим муассасалари ва тақиққа бўйсунмаганларга нисбатан таҳдид ва ҳужумлар кузатилган.
БМТнинг Болалар жамғармаси — ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, ҳозирда можаро ҳудудларида 200 мингдан ортиқ бола мактабга бормайди. Икки ҳудуддаги қарийб 2,5 мингта таълим муассасаси фаолият юритмаяпти.

Қочқинлар орасида бўлган 21 ёшли Морин Манга эса БМТ дастури орқали стипендия олиб, Нигериядаги политехникада микробиология йўналишида таҳсил олмоқда.
Ҳукумат музокаралар орқали тинчликка эришмоқчи
Камерун ҳукумати 2026 йил сентябрь ойида можарога барҳам беришга қаратилган маҳаллий мулоқот ташаббусини бошлаган. Унда қуролли айирмачиларни мустақиллик учун курашдан воз кечишга чақириш мақсад қилинган.
BBC маълумотларига кўра, 2026 йил ноябрь ҳолатига кўра, қарийб 1,5 минг нафар собиқ айирмачи жангарилар қуролсизлантириш, демобилизация ва жамиятга қайта интеграция қилиш марказларида тикланиш жараёнидан ўтмоқда.
Бироқ ҳукуматнинг аввалги ташаббуслари можарони тўхтатишга муваффақ бўлмаган. Айрим таҳлилчилар эса ҳукумат можарога сабаб бўлган муаммоларни ҳал этмагани учун тўқнашувлар давом этаётганини таъкидламоқда.

Жароҳатланган Медиан Баҳ эса ҳаётини қайта тиклашга ҳаракат қилмоқда.
“Мен ўлимни енгдим. Энди мени ҳеч нарса тўхтата олмайди”, — дейди у.






