АҚШ ва Россия "Лукойл" компанияси активлари иштирокида кўп миллиард долларлик нефть битимини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда The New York Times хабар берди.
Нашр манбаларига кўра, эҳтимолий келишув "Лукойл"га тегишли нефть конлари, қайта ишлаш заводлари ва ёқилғи қуйиш шохобчаларини қамраб олиши мумкин. Гап АҚШ, Шарқий Европа ва бошқа минтақалардаги активлар ҳақида бормоқда.
Маълум қилинишича, Вашингтон битимни Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар якунланишидан олдин тузишни таклиф қилган. АҚШ музокараларда Халқаро молиявий ривожланиш корпорацияси орқали иштирок этмоқда. Шунингдек, америкалик молиячи Тодд Боэли, Қатар ва БАА тадбиркорлари ҳам эҳтимолий битим иштирокчилари сифатида тилга олинган.
Бу масала сентябрь ойида Россия президенти Владимир Путиннинг АҚШ президенти Дональд Трампнинг махсус вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер билан учрашувида ҳам кўтарилган.
Айни пайтда битим бўйича музокаралар давом этмоқда, унинг якуний шартлари ва иштирокчилари ҳали аниқ эмас.






