АсосийДУНË

Латвия Ўзбекистон фуқароларига виза беришни тўхтатмоқчи

Латвия ИИВ Ўзбекистон фуқароларига виза беришни вақтинча тўхтатишни таклиф қилди.Вазирлик бунга Латвияда содир этилган бир қатор жиноятларни сабаб қилиб кўрсатди.

'Латвия Ўзбекистон фуқароларига виза беришни тўхтатмоқчи'ning rasmi

Латвия Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон фуқароларига виза беришни вақтинча тўхтатишни таклиф қилди. Бу масала 29 сентябрь куни ҳукумат йиғилишида муҳокама қилинган.

Вазирлик мазкур ташаббусни Ўзбекистон фуқаролари Латвияга келганидан сўнг содир этгани айтилган бир қатор жиноятлар, жумладан, вояга етмаганларга қарши жиноий ҳаракатлар билан изоҳлаган.

Латвия ички ишлар вазири Янис Домбрава Ўзбекистон фуқароларига виза беришни муайян муддатга тўхтатиб, бу вақтдан Ўзбекистон томони билан ҳамкорликни кучайтириш учун фойдаланиш зарурлигини айтган.

Вазирлик режасига кўра, эҳтимолий чеклов даврида икки давлат ўртасида маълумот алмашинувини йўлга қўйиш ва Латвияга бориш ниятидаги Ўзбекистон фуқароларини текширишни кучайтириш кўзда тутилмоқда.

Бироқ ҳозирча виза беришни тўхтатиш бўйича таклиф Латвия Вазирлар Маҳкамаси муҳокамасига киритилмаган. Коалициядаги ҳамкорлар масалани ҳукумат йиғилиши кун тартибига киритишни қўллаб-қувватламаган.

Латвия Ички ишлар вазирлиги ушбу ташаббусни ҳукуматнинг кейинги йиғилишларидан бирида муҳокама қилишга умид қилмоқда.

Мазкур таклиф Латвияда миграция назоратини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилаётган бир пайтда билдирилган. Сентябрь ойида ҳукумат учинчи давлатлар фуқаролари учун квоталар жорий этиш, шунингдек, меҳнат ва таълим миграцияси устидан назоратни кучайтиришни назарда тутувчи 70 дан ортиқ чорани маъқуллаган.

    Бошқа янгиликлар

    Латвия Ўзбекистон фуқароларига виза беришни тўхтатмоқчи - Darakchi.uz