2026 йилги физиология ва тиббиёт бўйича Нобел мукофоти Петер Хегеманн, Георг Нагел ва Карл Дейссеротга оптогенетика соҳасидаги кашфиётлари учун берилди. Олимлар ёруғлик ёрдамида асаб ҳужайраларини бошқариш имконини берувчи технологияни ривожлантирган.
Оптогенетика асаб ҳужайраларини ёруғлик орқали фаоллаштириш ёки уларнинг фаолиятини тўхтатиш имконини беради. Бу усул мияда хотира, ҳис-туйғу ва хулқ-атворни шакллантирувчи асаб занжирларини ўрганишда муҳим воситага айланган.
Петер Хегеманн ва Георг Нагел 2000-йиллар бошида бир ҳужайрали сувўтида ёруғликка сезгир оқсил — каналродопсинни аниқлаган. Кейинчалик Карл Дейссерот ушбу оқсилдан асаб ҳужайраларида фойдаланиб, уларнинг фаолиятини ёруғлик орқали бошқариш усулини ривожлантирган.
Ҳозирда технология кўриш қобилиятини тиклаш, шунингдек, айрим неврологик ва руҳий касалликларни ўрганиш ҳамда даволаш имкониятларини тадқиқ қилишда қўлланмоқда.
2026 йилги Нобел мукофотларини эълон қилиш ҳафталиги 5 октябрда бошланди. Физика бўйича лауреатлар 6 октябр, кимё бўйича 7 октябр, адабиёт бўйича 8 октябр, Тинчлик мукофоти соҳиби 9 октябр ва иқтисодиёт бўйича лауреатлар 12 октябрда эълон қилинади.






