Ўзбекистон миллий терма жамоаси FIFA кунлари доирасидаги ўртоқлик учрашувида Жанубий Корея терма жамоасига қарши майдонга тушди. Учрашувда мезбонлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Баҳсни жанубий кореяликлар фаол бошлади. Учрашувнинг 6-дақиқасида Жанубий Корея терма жамоаси сардори Сон Хён Мин жарима зарбасидан унумли фойдаланиб, ҳисобни очди.
Шундан сўнг Ўзбекистон терма жамоаси ҳам бир қатор ҳужумлар уюштирди. Бироқ вакилларимиз яратилган имкониятлардан фойдалана олмади ва биринчи бўлим мезбонларнинг 1:0 ҳисобидаги устунлиги билан якунланди.
Иккинчи бўлимда Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобни тенглаштириш учун олдинга ташланди. Бироқ 60-дақиқада Жанубий Корея ҳужуми натижасида Се Хун бош билан Абдувоҳид Неъматов қўриқлаётган дарвозани ишғол қилди — 2:0.
Учрашувнинг қолган қисмида "оқ бўрилар" бир нечта хавфли ҳужумларни амалга оширди. Аммо яратилган имкониятларни голга айлантиришнинг иложи бўлмади.
Шу тариқа Ўзбекистон миллий терма жамоаси жорий FIFA кунларидаги сўнгги ўртоқлик учрашувида Жанубий Кореяга 0:2 ҳисобида мағлуб бўлди.
Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси жорий FIFA кунлари доирасида Эронни 3:1, Сурияни эса 4:1 ҳисобида мағлуб этган. Шу тариқа терма жамоа ушбу йиғинни 2 та ғалаба ва 1 та мағлубият билан якунлади.






