Афғонистондан Ўзбекистонга олиб кирилаётган 48,5 килограммдан ортиқ гиёҳвандлик моддаси аниқланиб, тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига, хусусан, уларни контрабанда йўли билан мамлакат ҳудудига олиб кирилишига қарши тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ва Божхона қўмитаси ҳарбий хизматчилари ҳамкорлигида ўтказилган тадбир давомида Афғонистондан Ўзбекистонга кириб келаётган “Мерседес-Бенц” русумли юк автомобили текширилган.
Маълум бўлишича, транспорт воситасини 1985 йилда туғилган, Термиз туманида яшовчи фуқаро бошқарган. Автомобиль “Айритом” чегара божхона постида чуқурлаштирилган тарзда кўрикдан ўтказилган.
Текширув жараёнида автомобиль тиркамасининг пол қисми остига яширилган 98 та ўрам аниқланган. Уларнинг ичида 39 килограмм 86 грамм “гашиш” ва 9 килограмм 498 грамм “опий” борлиги маълум бўлган.
Қайд этилишича, гиёҳвандлик моддаларини яширишда эҳтиёткорлик чоралари кўрилган. Улар дастлаб полиэтилен пакетларга солинган, кейин фольга қоғози ва скотч билан ўралган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов доирасида гиёҳвандлик моддаларининг буюртмачилари ва мазкур жиноятга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш бўйича чора-тадбирлар олиб борилмоқда.






