АсосийСИËСАТ

Шавкат Мирзиёев Россия делегациясини қабул қилди

Мулоқотда олий даражадаги учрашувлар якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

'Шавкат Мирзиёев Россия делегациясини қабул қилди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 октябрь куни Ўзбекистон–Россия Ҳукуматлараро комиссияси ва Ҳудудлар кенгашининг навбатдаги йиғилишларида иштирок этиш учун мамлакатимизда бўлиб турган Россия Ҳукумати Раисининг биринчи ўринбосари Денис Мантуров бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашув аввалида Денис Мантуров Россия Президенти Владимир Путиннинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Мулоқотда олий даражадаги учрашувлар якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Шавкат Мирзиёев куни кеча Фарғонада бўлиб ўтган Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ҳамда Ҳудудлар кенгашининг учинчи йиғилиши натижадор бўлганини қайд этди.

Томонлар ўзаро савдо ҳажми барқарор ошиб бораётганини таъкидлади. Саноат, энергетика, металлургия, тинч атом ва бошқа соҳаларда қўшма кооперация лойиҳалари илгари сурилаётгани қайд этилди.

Товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш, саноат зоналари доирасидаги қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш, шунингдек, ҳудудлар ва бизнес вакиллари ўртасидаги фаол мулоқотни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

    Бошқа янгиликлар

    Шавкат Мирзиёев Россия делегациясини қабул қилди - Darakchi.uz