АсосийСИËСАТ

Таълим ва илм-фан вазирлиги фаолиятини ташкил этиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди

Мактабгача таълимда болаларни ҳар томонлама ривожлантириш, таълим дастурлари ва методикаларни янгилаш, тарбиячилар малакасини оширишга эътибор қаратилди.

'Таълим ва илм-фан вазирлиги фаолиятини ташкил этиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев Таълим ва илм-фан вазирлиги фаолиятини ташкил этиш, шунингдек, таълим тизимининг барча босқичларида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларга оид тақдимот билан танишди.

Яқинда Президент фармони билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги негизида ягона Таълим ва илм-фан вазирлиги ташкил этилди. Янги тузилмадан кўзланган асосий мақсад таълим, тарбия ва илм-фанни ягона тизимга бирлаштириш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш ҳамда инсон капиталини ривожлантиришдан иборат.

Тақдимотда янги вазирлик фаолиятини ташкил этиш, таълимнинг мактабгача таълимдан олий таълимгача бўлган босқичлари ўртасида узвийликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Таълим мазмунини замонавий талаблар ва меҳнат бозори эҳтиёжларига мослаштириш, соҳада рақобат муҳитини ривожлантириш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ҳамда тизимнинг жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлигини ошириш зарурлиги таъкидланди.

Янги вазирлик фаолиятини ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолатдан келиб чиқиб ташкил этиш, бир-бирини такрорлайдиган вазифаларни қисқартириш ва ҳудудий бўғинлар масъулиятини кучайтириш бўйича таклифлар билдирилди. Бошқарувни рақамлаштириш ва таҳлилий салоҳиятни ошириш қарорларни ишончли маълумотлар асосида қабул қилиш имконини бериши қайд этилди.

Мактабгача таълимда болаларни ҳар томонлама ривожлантириш, таълим дастурлари ва методикаларни янгилаш, тарбиячилар малакасини оширишга эътибор қаратилди. Болаларнинг қизиқиши ва қобилиятини эрта аниқлаш ҳамда таълим муассасаларида замонавий шароитлар яратиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Мактаб таълимида дарсликларни янгилаш, ўқувчиларнинг билим ва амалий кўникмаларини ривожлантириш, уларни баҳолаш тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Педагогларга методик ёрдам кўрсатишда сунъий интеллектдан фойдаланиш, айрим мактабларда инглиз тилида таълим бериш тажрибасини йўлга қўйиш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтириш таклиф этилди.

Касбий таълимда ёшларнинг қизиқишларини эрта аниқлаш, техникумлардаги ўқув дастурларини меҳнат бозори талабларига мослаштириш ва уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият берилди. Корхоналар билан ҳамкорликда дуал таълимни кенгайтириш, халқаро дастурлар ва замонавий ўқув материалларини жорий этиш масалалари кўриб чиқилди.

Олий таълим соҳасида университетлар мустақиллигини кенгайтириш, бошқарув сифатини яхшилаш ва раҳбарларнинг натижа учун масъулиятини ошириш таклиф қилинди. Етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш, таълимни ишлаб чиқариш билан яқинлаштириш ҳамда талабаларнинг амалий тайёргарлигини кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Илм-фан соҳасида илмий кластерларни ривожлантириш, университетлар, лабораториялар ва корхоналар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди. Илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш, улар асосида янги маҳсулотлар ва корхоналар яратиш бўйича таклифлар тақдим этилди.

Президент таълимнинг боғчадан олийгоҳгача бўлган барча босқичлари ягона вертикаль сифатида ишлаши, айниқса, мактаб ва университет ўртасидаги узвийликни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади.

Шунингдек, таълимнинг ҳар бир босқичида сифатни ошириш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, ушбу қадриятларга таълим жараёни ва илмий фаолиятда таяниш муҳимлиги қайд этилди.

Илмий изланишлар натижаларини амалиётга жорий этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ректорлар ўз университетларининг яқин ва ўрта муддатли истиқболдаги ривожланиши бўйича аниқ тасаввур ва режага эга бўлиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Мутасаддиларга билдирилган таклифларни пухта ишлаб чиқиш топширилди.

    Бошқа янгиликлар

    Таълим ва илм-фан вазирлиги фаолиятини ташкил этиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди - Darakchi.uz