Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида яшовчи фуқаронинг уйидан ноқонуний сақланаётган икки дона қурол ва турли кўринишдаги тўртта ўткир тиғли пичоқ аниқланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳолат «Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирининг учинчи босқичи доирасида аниқланган.
Хусусан, Маърифат маҳалласида яшовчи фуқаронинг хонадони кўздан кечирилганда, қўлбола усулда ясалган, порох ёрдамида ўқ узишга мўлжалланган қурол ҳамда Испанияда ишлаб чиқарилган «Shadow Ming» русумли, 5,5 калибрли пневматик қурол топилган.
Шунингдек, хонадондан турли кўринишдаги тўртта ўткир тиғли пичоқ ҳам аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 248-моддаси (ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) билан жиноят иши қўзғатилган.






