АсосийЖАМИЯТ

Ботир Қудратхўжаев Ўзбекистон мудофаа вазири этиб тайинланди

У прокуратура, МИБ, ҳарбий прокуратура ва ФВВда ишлаган, сўнгги вақтда ИИВ вазири биринчи ўринбосари бўлган.

'Ботир Қудратхўжаев Ўзбекистон мудофаа вазири этиб тайинланди'ning rasmi

Ўзбекистон мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳамедов лавозимидан озод этилди. У бошқа ишга ўтказилган. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Унинг ўрнига Ботир Қудратхўжаев мудофаа вазири этиб тайинланди. Унинг номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланган.

Шуҳрат Холмуҳамедов мудофаа вазири лавозимида 2024 йил ноябридан буён ишлаб келаётганди.

Ботир Қудратхўжаев 1975 йилда туғилган. У 1997 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган ва меҳнат фаолиятини ҳарбий прокуратурада бошлаган.

У турли йилларда Тошкент вилояти ва Шарқий ҳарбий округ ҳарбий прокурори, Ўзбекистон ҳарбий прокурорининг биринчи ўринбосари, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари прокурори, шунингдек, Тошкент шаҳри прокурори лавозимларида ишлаган.

2017–2020 йилларда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига раҳбарлик қилган. 2022–2025 йилларда Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари — ҳарбий прокурор бўлиб ишлаган.

2025 йил февраль ойида Фавқулодда вазиятлар вазири этиб тайинланган Қудратхўжаев генерал-майор унвонини олган. 2026 йил январь ойида эса ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — Тезкор қидирув департаменти бошлиғи лавозимига ўтказилганди.

    Бошқа янгиликлар